​Асқар Ҳикматов: “Режиссёрлар мендан фойдалана олмаяпти”

  • Жалоба на материал
  • Автор: TezkorPRO
  • Дата: 13.02.2017
  • Просмотров : 767
  • Коммент: 0

Лойиҳанинг галдаги меҳмони комик роллари билан ўз мухлисларига эга бўлган актёр Асқар ҲИКМАТОВ...

1. Асқар, “лаллайган, бақироқ, оғзидаги ошини олдириб юрадиган”, қисқаси бир хил роллардан чарчамадингизми?

— Режиссёрлар шундай ролларни бериб чарчамаяпти-ку, мен ҳам ижро этиб беравераман. Режиссёрларга “бу ролни ўйнамайман”, демайман, чунки “Менинг дўстим жин”ни инобатга олмаганда, ўйнаган ролларим у қадар ёмон эмас.

2. Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов сизни комик актёр сифатида кашф этди. Лекин нега қолган режиссёрлар Асқар Ҳикматовни “пластилин” қилиб фойдалана олмаяпти ё битта “қолип”да юриш ўзингизга ёқяптими?

— Битта “қолип”да юриш ўзимга ҳам ёқмайди, албатта. Режиссёрлар мени “пластилин” қилиб ишлатсин. Ҳатто суратга олиш майдончасига борганимда ҳам режиссёрларга “мендан фойдалана олмаяпсизлар”, деб такрор-такрор айтаман. “Нега? Шу роль бўлади”, каби мужмал жавобларни эшитаман. Режиссёр Озод Шамснинг “Вой-дод-2” фильмида суратга тушганимда ҳам бу борада эътироз билдирганман. Режиссёр Баҳром Ёқубовнинг “Бойвачча куёв” фильмини суратга олиш жараёнида эса ўз ижроимдан қониқмагандим. Баҳром ака “Фильм тайёр бўлса кўрасан”, дея ижроим кўнгилдагидек эканига ишонтирганди. Катта экранда ўзимни кўрганимда ҳақиқатда ролим ўзимга манзур бўлди. Шу иккита фильмдаги ролимни солиштириб, режиссёрлар мендан қай даражада фойдалана олган ё акси эканини билиб олиш қийин эмас. Балки режиссёрлар мени жиддий ролда кўра олмаётгандир? Лекин бу хато хулоса. Ҳеч бўлмаса кастингга чақириб, синаб кўришсин. Ишонасизми, умримда бир маротабагина “Автотест” сериалининг кастингига чақиришган, холос.

3. Йиллар ўтиб, актёр Асқар Ҳикматовни қайси фильми орқали эслашаркин?

— “Тундан тонггача”, “Тилим қурсин” фильмларидаги ролларим ва Мирпиёз ролим билан, бу аниқ!

4. Комедия ва бачканалик чегараси қачон бузилади?

— Чегарасини билмайманку-я, лекин озгина ортиқча хатти-ҳаракат, мантиқсизлик бачканаликка ўтади. Муҳими, орадаги меъёрни сақлай билиш. Мисол билан айтиб, қайсидир актёрни хафа қилиб қўйишдан қўрқаман. “Тундан тонггача” фильмидаги милтиқ саҳнасини бир эсланг. Матёқуб Матчонов, Алишер Узоқов ва мен ролни жиддий ўйнаганмиз, лекин томошабин мириқиб кулади. Режиссёр Жаҳонгир Аҳмедов мендан “Буратино”даги Пьеро сингари ошиқ йигитни ижро этишимни талаб қилган. Агар ортиқча “ихтиро” қилганимда, аниқ комедия чегарасидан ўтиб, бачканаликка қадам қўярдим.

5. Комедия жанрида ўз мухлисларини топган Мурод Ражабов, Муҳаммадисо Абдулхаиров, Зуҳра Солиевага нега кўпчилик мухлислар “бачкана” деган тамғани қўйиб қўйишган?

— Мурод аканинг ролларида бачканаликни кўрмаганман. Муҳаммадисо Абдулхаиров борасидаги гапларда жон бор. Режиссёрларнинг айби бачкана ролларга чақираётгани, Муҳаммадисо акани айби эса шундай ролларга рози бўлаётгани. Режиссёрларимиз Муҳаммадисо Абдулхаировни исталган амплуада роль ўйнай оладиган истеъдодли актёр эканини унутмасин. Режиссёрлар бу актёрдан унумли фойдалана олмаяпти. Зуҳра опани ҳам ўз йўналишига мос хатти-ҳаракати, кулиши бор, бачкана эмас.

6. Давлат фильмларига таклифлар йўқми ё режиссёрлар Жаҳонгир Аҳмедов билан Иқбол Мелиқўзиевга содиқ актёр бўлиш истагидамисиз?

— Ҳали давлат фильмларидан таклиф бўлганича йўқ. Актёрман, исталган режиссёрнинг фильмида роль ижро этаман. Режиссёрлар Аюб Шаҳобиддинов ва Рустам Саъдиев билан ишлаб кўриш ниятим бор.

7. Кинода сиз учун идеал “рафиқа” бу — Севара Солиева, Шаҳзода Муҳаммедова ёки...

— Севара Солиева. Ташқи кўриниш, чапани феъл-атвор жиҳатдан тўла бир-биримизга мос тушамиз.

8. Суҳбатлари­миздан бирида “Уйда кам бўладиган ўғил, меҳрибон акаман”, дегандингиз. Эндиликда қандай турмуш ўртоқсиз?

— Бир қўлида шоколад, иккинчи қўлида қамчиси бор турмуш ўртоқ, шундай қилмаса бўлмайди (кулади). Рафиқам ҳозирча шоколаддан кўп еб қўйди. Ўзимнинг ҳам ниятим қам­чи­ни­ ишлатмаслик.

9. Етарли даражада рашкчи эканингиздан хабарим бор. Рафиқангиз бу борада сизни ортда қолдирмаяптими?

— Рафиқам ҳам рашкчилик бобида тенгсиз. Актриса Севара Солиевадан бошқа ҳамма “партнёр”ларимдан рашк қилади. Қолаверса, меҳрибонлиги, ҳазилкашлиги, ишларни билиб-билиб қилиши жиҳатдан ҳам бир хилмиз. Ва бир қўлида шоколад, иккинчи қўлида қамчиси борлигидан мени бехабар, деб ўйлайди ўзича. “Қамчини барибир ишлатмаяпсан, ташлаб юборавер. Ўрнига яна битта шоколад ол”, деганман ўзига.

— Нега ўз устингда ишламай қўйдинг? Балки бунга охирги пайтда “юлдузлик касали”га чалинганинг сабабдир? Фақат ўзингни оқлама!

— Жаҳонгир ака “ўчиб” қолсак, шундай танқидлар билан руҳлантириб турасиз. Устоз, анчадан бери ёнингизга боролмаяпман, тан оламан оила билан овора бўлиб қолдим, ўзимни оқламаяпман. “Юлдузлик касали”га келсак, сал нотўғри қадам боссам, биринчи бўлиб йўлимни тўғирлаб қўядиган ўзингизсиз-ку (кулади)! Мендан кўпроқ нарсани кутасиз, бу талабчанлигингизни қадрлайман.

Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.



Раздел: Шоу-бизнеса
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
КОММЕНТАРИИ НА САЙТЕ
ДОБАВИТЬ КОММЕНТАРИЙ
Имя:*
E-Mail:*
b i u color hide l c r
emo
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.