Аввалига ижодни деб оиласини қурбон қилган, сўнг аксинча йўл тутган афсонавий собиқ “Сетора” гуруҳи вакиллари Лайло Галиева ва Камилла Хўжаева ошхонада “ижод” қилишда унча-бунча уй бекаларини доғда қолдиради, деган ўйда, уларни “Палете” ресторага таклиф қилдик. Ошпаз Фирдавс Мирғанизода Лайло ва Камилла тайёрлаган салатни муносиб баҳо баҳолади. Фурсатдан унумли фойдаланган ҳолда гуруҳ вакилларини суҳбатга ҳам тортдик...
— Бор эътиборини оилага қаратган “Сетора*танҳо” гуруҳи вакиллари моҳир ошпаз бўлиб қолишгандир?
Камилла Ходжаева: — Албатта! Энг тотли таом – шубҳасиз уйда ўз қўлингиз билан пиширганингиз-ку! Шоҳона таомларни албатта, дам олиш кунлари тайёрлайман. Ошхонада ҳам чаққонгина бўлиб, ҳамма ишга улгуришга интиламан. Боиси ҳали ҳаётда эришишим керак бўлган чўққилар талайгина.
Лайло Галиева: — Таом тайёрлашни яхши кўраман, деёлмайман. Рости, камдан-кам вақтларда овқат пишираман. Лекин ўғлим тайёрлаган таомимни ўзгача иштаҳа билан ейди, бу мен учун энг катта эътироф. Турли ҳинд зираворларини қўшиб, экзотик таомларни пиширишни яхши кўраман. Орамизда энг пазандаси Феруза. Унинг тайёрлаган таомларини емабсиз, бу дунёга келмабсиз.
— Санъатни деб шахсий ҳаётдан кечганингиз, ўғлингизга етарлича вақт ажратмаганингиздан бугун афсусланмайсизми?
К.Х.: — Ҳаммамиздан кўпроқ Ферузага қийин бўлганди. Сон-саноғи йўқ концертларда иштирок этиш учун икки ҳафталик чақалоқни ташлаб, гастролга кетиш, бу — ҳақиқий қурбонлик эди. Учовимизнинг орамиздан менга енгилроқ бўлган. Она сути билан катта бўлаётган олти ойлик ўғлимни ўзим билан олиб юрганимда, Феруза билан Лайлога қанчалик қийин бўлганини тушунганман. Чет элдаги 4 йиллик ўқишим сабаб ўғлимдан узоқда яшашга базўр чидагандим. Мусофирчиликда оила ҳамма нарсадан устун эканини тўла англаб етдим.
Л.Г.: — Менга қийин бўлган тарафи — концертдаги танаффуслар орасида ҳали чақалоқ бўлган ўғлимнинг қорнини тўйдирардим. Гуруҳимиз тарқалгач, фарзандимизга вақт ажратишга тўла имконимиз бўлган. Ҳозир Ферузага ҳавасимиз келяпти. Иккинчи бор оналик бахтига эришиб, унинг лаззатини энди тўла ҳис қиляпти. Илк бор она бўлганимизда, учаламиз ҳам ёш бўлганмиз-да, гаштини тушунмаганмиз.
— Наҳотки ўша дамда санъатдан воз кечиш фикри туғилмаган?
К.Х.: — Асло! Биз ўта масъулиятли эдик! Мухлислар бизнинг чиройимизни эмас, санъат учун боримизни берганимиз сабабли шу қадар яхши кўришади.
Л.Г.: — Мақсадимиз — пул ишлаб олиш ҳам бўлмаган. "Юлдузлик касали"га берилиб, “Фалон қишлоққа бориш бизга тўғри келмайди”, демаганмиз, республикамизнинг чекка-чекка қишлоқларигача бориб, мухлислар билан юзма-юз учрашардик.
— Шахсий ҳаётда ва санъатда йўл қўйган хатоларингизни бугун англасангиз керак?
Л.Г.: — Турмушга чиқиш, бу – қизбола учун катта масъулият. Аёл киши сабрли бўлиши керак экан. Қолаверса, эркакка нисбатан аёл кўпроқ кечиримли бўлади. Эр-хотин ўртасида ўзаро ҳамжиҳатлик бўлиши лозим. Ёшлик вақтида эса ҳамма ўз ҳақиқати учун курашар экан.
К.Х.: — Ижодга келсак, вақтимиз тиғизлиги боис қандайдир лойиҳаларда иштирок этолмаганимиз, бу – хатоимиз эди. Масалан, Бухородаги гастролимиз сабаб “Тоҳир ва Зуҳра” мусиқали фильмида суратга тушолмаганимиздан афсусланамиз. “Тарона рекордс” компанияси билан ҳамкорликни тўхтатганимиз эса хато эмас, тажриба эди. Очиғи, ижодни деб ҳар гал оиламизни четга суриб қўйишдан чарчагандик. Авваллари ҳамкасбларимизни рақобатчидек қабул қилган бўлсак, ҳозир тиниб-тинчимас ҳамкасбимиз, дея қараймиз. Уларнинг яхши ё ёмон ижод қилаётганини муҳокама қилиш ҳам бизнинг ишимиз эмас, буни мухлислар ҳал қилади. Хато қилмасак, тажрибага эга бўлмасдик.
— Ҳозирги ақлингиз бўлганида санъатдан воз кечармидингиз ёки яна оиладан?
Л.Г.: — Бу жуда қийин савол, яна шундай танловга дуч келишни истамасдик. Илоҳим тақдир бизга аввалгидек синовларни раво кўрмасин. Ўғлимни ўйлаб, “Менинг юртим” телеканалидаги “Юлдузлар циркда” лойиҳасининг иккинчи фаслида иштирок этишдан бош тортдим. Фикримдан қайтаришга уринишди, лекин таваккал қилиб, асабим, соғлигим, вақтимни беҳуда сарф қилгим келмади.
К.Х.: — Гастроллар ҳам кутиб туради, санъатни деб қайтариб бўлмас онларни ўтказиб юборишни истамаймиз.
— Шахсий ҳаётингизни худди Феруза Латипова сингари янгидан йўлга қўйиш, яна фарзандли бўлиш истаги йўқ эмасдир?
К.Х.: — Албатта! Собиқ турмуш ўртоғим – хонанда Илҳом Юлчиев билан ўғлим ўзини бахтли ҳис этиши учун ажойиб ота-она бўла оляпмиз. Илҳом тенги йўқ ота! Уни ижодкор сифатида ҳам ҳурмат қиламан, керак бўлса, қўлимдан келган ёрдамимни аямайман. Лекин шахсий ҳаёт борасида ўз йўлларимизни танлаб бўлганмиз. Шахсий ҳаётимни қайтадан бошлаш истагим бор, албатта.
Л.Г.: — Биласизми, шахсий ҳаёт борасида иримчимиз. Французларда “Бахт сукунатни яхши кўради”, деган мақол бор, шунга амал қилишни ўргандик. Қисқаси, санъаткор сифатида шахсий ҳаётимизни кўз-кўз қилишни эмас, оддий аёллик бахтини ҳис қилишни хоҳлаймиз.
— Билишимча, гуруҳни юқори чўққиларга олиб чиққан “хит” қўшиқлар ғояси сизларга тегишли бўлган. Ҳозир тажрибангиз ҳам етарли, учовингиз ҳам деярли биргасиз, лекин “хит”лар йўқ. Балки сизларга продюсер керакдир?
Л.Г.: — Гап продюсерда эмас, рости кимгадир тобе бўлиб ишлашни истамаймиз. Лекин ўзаро манфаатли ҳамкорликдан бош тортмаймиз. Мухлисларга аввалгидек қувонч бағишлаш учун учовимиз яна бирга йиғилиб, иш бошладик. Тажрибамиз етарли, бизга вақт беринглар, ишончингизни оқлаймиз. Яқинда “Раҳмоним” номли юртига қайтолмаётган мусофирлар ҳақида қўшиқ ёздик. Клип суратга олиш ҳақида ҳам ўйлаб қўйдик. Лекин “хит” қўшиқлар орқали рейтинг учун эмас, кўнгил амри билан ижод қилмоқчимиз. Юракдан чиққан қўшиқларимиз аввалгидек юракка етиб боришига ишонамиз.
— “Қайтар эшигингни қаттиқ ёпма”, деб бежиз айтишмаган. "Тарона рекордс" компанияси қайта ҳамкорликни таклиф қилса...
Л.Г.: — Хатоларни тушуниб, дилхираликларни ортда қолдириш энг тўғри танлов. Концертимиз борасида улардан бошқа ҳамкор билан ишлашни истамаймиз. “Тарона рекордс”да ўз ишининг усталари ишлайди! Уларга ҳурматимиз беқиёс, муносабатларимиз яхши. “Тарона рекордс” аввал ҳам биринчи рақамли компания бўлган, ҳозир ҳам шундай.
— Сир бўлмаса, ҳозир даромадингиз нимадан?
Л.Г.: — Лейли тахаллуси билан ишлаб, пул топганман.
К.Х.: — Чет элда ўқиганим боис француз, немис, рус ва ўзбек тилларини биламан, хорижда болалар учун чет тилларига ихтисослаштирилган ўқув лагерини бошқарадиган компания очганман, даромадим шундан.
— “Сетора*танҳо” ўзининг яккахон концертини тақдим этишига нима халақит беряпти?
К.Х.: — Биргина сабаб Ферузанинг оналик бахти “уммон”идан олиб чиқишни истамаймиз.
Л.Г.: — “Сетора*танҳо” гуруҳи ҳозир худди жонлантириш бўлимидан чиққан бемордек. Шу боис мухлислар камнамолигимизни тўғри қабул қилишларини сўрардик. “Сетора*танҳо” гуруҳи концерт берди”, деган эътироф учун эмас, ҳақиқий профессионал даражадаги концерт дастурини тақдим этишни истаймиз.
— Таъкидлаганингиздек, профессионал даражадаги концертингизни кутиб қоламиз!
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА суҳбатлашди.
Фотомухбир: Ислом РЎЗИЕВ