Қўшиқда хонанда Юлдуз Турдиева узоқ юртларда юрган фарзандини кутаётган оналар дардини куйга солган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмовнинг ўтган йили “Истиқлол” санъат саройида тақдим этган концерт дастурида “Она” номли қўшиғидан аввал, Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова саҳнага чиқиб, монолог ва “Она, мен келдим дегин” номли шеърни ўқиган эди. Кўп ўтмай Тўти Юсупова ўқиган бу шеър ижтимоий тармоқлар ва Telegram мессенжерида оммалашиб кетди. Унда шоира Мунаввара Усмонова фарзандини кутиб толиққан, кўзлари йўлга боқиб, нуридийдасига меҳрини, қалбидаги изҳорини етказиш илинжида бўлган оналар дардидан сўз очган.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева ижросидаги “Она, мен келдим...” номли янги қўшиқ шоира Мунаввара Усмонованинг шеъри билан яратилди.
“Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмовнинг концерт дастурида Ўзбекистон халқ артисти Тўти Юсупова ўқиган шеърни эшитиб, кўзимга ёш келганди.
Бир куни Ўзбекистон халқ артисти Озодбек Назарбеков бастакор Дилшод Аҳмадшо ажойиб қўшиқ қилганини айтиб, “Бир эшитиб кўр, сенга мос қўшиқ бўлибди”, деб қолдилар. Қўшиқ менга жуда ёқди ва уни куйлашга қарор қилдим.
Бу қўшиқ нафақат оналарга, балки танидан мадори кетиб, кексайиб қолган, кун сайин меҳрга ташна бўлиб бораётган онасини ташлаб ўзга юртларга кетган, пул топиш илинжида онасини соғинчларга гирифтор қилганларга бағишланади”, дейди Турдиева.
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Юлдуз Турдиева ижросидаги навбатдаги қўшиқ жуда ёқимли чиққан. Шоира Мунаввара Усмонова ўз шеърида оддий, юракка тез етиб борувчи сўзлардан фойдаланганки, уни эшитган ҳар бир тингловчининг қалбида ўзгача ҳислар жўш уради.
“Шеърнинг ўзи дардли. Уни ўқиб узоқ йиғладим, кўз ўнгимдан фақат онам ўтди”, дейди хонанда.