Лоланинг қайси динга эътиқод қилиши ёки умуман диндор эмаслигини муҳокама қилиш бошқаларнинг иши эмас. Бироқ, хонанданинг диний эътиқоди йўқлигини оммага ёйишдан мақсади нима?
“Ниҳол” мукофоти совриндори Лола Йўлдошеванинг нафақат ижоди, балки шахсий ҳаёти, фарзандлари, ҳатто, кундалик либослари ҳам доим эътибор марказида бўлиб келган. Сўнгги йилларда ижтимоий тармоқлар сабаб Лола Йўлдошева мухлисларига янада яқинлашган бўлса, тармоққа жойлаштираётган суратлари уни аксарият тингловчиларидан узоқлашишига ҳам сабаб бўлди.
Кўплар уни танқид қилади, очиқ-сочиқ либослари доим муҳокамада. Ўз вақтида “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси ҳам уни тартибга чақириш учун лицензиясидан маҳрум этди. Бироқ Лолада ўзгариш сезилгани йўқ. У ҳамон ўз билганидан қолмаяпти. Унга “Санъаткорнинг шахсий ҳаёти бўлмайди, у одамлар кўз ўнгидами, демак тарғиботчи”, деган тушунчанинг умуман қизиғи йўқ.
Доимий равишда интернет фойдаланувчиларини ҳайратга солиб келадиган хонанданинг кеча Instagram’даги шахсий саҳифасига жойлаштирган сўнгги суратларидан бирига ёзиб қолдирган изоҳи, одамлар орасида тин олган муҳокамаларнинг жонланишига сабаб бўлди. Хонанда дин масаласи билан боғлиқ саволларга нисбатан муносабат билдирар экан, қуйидагиларни ёзиб қолдирди:
“Сизлар тез-тез изоҳларимда қайси динга эътиқод қилишимни сўрайсиз. Тўғрисини айтганда, менинг юрагим ишонч ва эътиқод билан тўла. Мен рўза тутмайман, лекин ҳар куни, баъзида кунда бир неча бор Яратганга шукроналар айтаман. Болаларим “Худо ким”, деб сўрашганида, “Худо – бу ҳақиқат ва у бизнинг юрагимизда яшайди”, деб жавоб бераман. Уни бутун юрагимиз билан ҳис этишимизга ишончим комил. Мен учун эътиқод ва дин – бутунлай бошқа-бошқа тушунчалардир.
Агар сиз мендан “Дининг нима?”, деб яна сўрасангиз, жавобим шуки – муҳаббат! Барчангизга бўлган муҳаббатим чексиз эканини айтаман ва дуоларингиз ижобат бўлишини, ниятларингиз амалга ошишини жуда ҳам хоҳлайман. Келинглар, ёнимиздаги инсон қайси дин иҳлосманди бўлишига қарамай, биз шафқатли, меҳрли ва сахий бўлишга ҳаракат қилайлик”.
Лола Йўлдошеванинг ёзиб қолдирганлари жуда кўп муҳокамаларга сабаб бўляпти. У рус тилидаги изоҳида Лайлатур қадр кечасидаги ибодатларни назарда тутган ҳолда шундай ёзади:
“Кеча дўстларим, яқинларим ва қариндошларим туни билан дуо ўқиб, ният қилишди... Улар билан бирга мен ҳам ухлай олмадим.
...Худога ишонишни муқаддас китобларни ўқиб исботлаш, ўрганиш мумкин эмас. Мен буни фақат бошдан кечириш, юрак-юракдан ҳис этишгина мумкинлигига аминман. Дин менинг назаримда, одамларни назорат қилиш воситаси. Аслида инсонни бошқариб бўлмайди. Инсонларнинг маънавиятини уларнинг ташқи кўринишидан, жума ва якшанба кунлари масжид ва черковга боришларидан ажратиб бўлмайди”, дейди Лола Йўлдошева. У ўз изоҳида диндор эмаслигига алоҳида урғу беради.
Хонанданинг бу изоҳи мухлислари, ижтимоий тармоқ орқали уни кузатиб бораётганлар орасида тинимсиз муҳокамаларга сабаб бўляпти. Қачонлардир очиқ-сочиқ либослари учун Лолани қўллаб-қувватлаб, “Қандай кийиниш унинг шахсий иши”, деганлар бугун қилган ишидан пушаймон экани, севимли хонандасидан кўнгли қолганини ёзиб қолдирмоқда.
Албатта, қайси динга эътиқод қилиш ёки умуман бирор динга дахлдор бўлмаслик ҳар бир инсоннинг шахсий иши. Ўзбекисон Республикаси Конституциясида ҳам ҳар кимнинг дин ва виждон эркинлиги ҳуқуқи қонун йўли билан белгилаб қўйилган. Бироқ ўзининг қайси динга эътиқод қилиши ёки умуман, диндор эмаслигини оммага ёйиш қанчалик тўғри? (!) Лола Йўлдошева бу хатти-ҳаракатлари билан кимларгадир ўрнак бўлаётгани ҳақида ўйлаб кўрмадимикин?
Бугунги таҳликали даврда ёшларнинг маънавиятини юксалтириш, уларни Ватанга садоқат, ота-онага ҳурмат, ишонч, муқаддас урф-одатларга, азалий қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, “оммавий маданият” ниқоби остидаги ёт ғоялардан ҳимоя қилиш, ташқи кучларнинг мафкура орқали бузғунчилик кайфиятидаги, онг остига таъсир этувчи режаларига нисбатан иммунитетни ҳосил қилиш маласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда эса шоир ва ёзувчилар, рассом ва ҳайкалтарошлар, актёр ва актрисалар, хонанда ва созандалар, журналистлар гарданида ўз ортидан минглаб мухлисларини бунёдкорлик ва тинчлик ғоялари томон етаклаш, она Ватанга садоқат билан хизмат қилиш, ота-она, халқ дуосини олишдек олий саодат мақсадида меҳнат қилиш, билим олиш, ўқиб ўрганиш, яратилган шароитлардан унумли фойдаланишга ундашдек масъулиятли вазифа турибди. Наҳот, Лола Йўлдошева бу вазифани ҳис этмаётган, “Ўзим – ўзимга хон, кўланкам майдон” қабилида иш тутаётган бўлса...