Морган Фриман сабабли Ўзбекистонда фильм тақдимоти қолдирилди

  • Жалоба на материал
  • Автор: TezkorPRO
  • Дата: 09.02.2017
  • Просмотров : 366
  • Коммент: 0

2017 йил 8 февраль куни ижтимоий тармоқларда миллий кинематография соҳасида тарқатилаётган ахборотлар “Ўзбеккино” Миллий агентлиги томонидан мониторинг қилинганда “TIMUR FILM” МЧЖ томонидан суратга олинган “Дайди” номли бадиий фильмни жамоатчилик орасида тарғибот қилишда бир қатор қонунбузилиши ҳолатларига йўл қўйилганлиги аниқланди. 

Жумладан, мазкур фильмнинг трейлери, баннерлари ва чипталари чиқарилиб, уларда машҳур киноактёр Морган Фриманнинг Буюк Британия ва Жанубий Кореялик киноижодкорлар томонидан 2014 йилда ишлаб чиқарилган "Last Knights" (“Сўнгги рицарлар”) фильмида суратга тушган қиёфаси акс эттирилган. Аммо, актёрнинг қиёфаси фильмнинг агентликка тақдим этилган нусхасида бўлмаган.

Бироқ, “TIMUR FILM” МЧЖ томошабинларнинг фильмга нисбатан талабини кучайтиришга эришиш мақсадида машҳур кино юлдузини фильмда суратга тушганлигини билдирувчи ёлғон (чалғитувчи) маълумотлар тарқатиб, истеъмолчиларнинг (томошабинлар) ҳуқуқларини паймол қилган.

Бу ҳолат фильмга нисбатан юқори қизиқишни ўйғотиб, уни томоша қилишга бўлган талабнинг сунъий равишда ошишига сабаб бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонуни 6-моддаси талабига кўра ишлаб чиқарувчи истеъмолчига ўзи реализация қилаётган товарлар ҳақида ўз вақтида зарур, тўғри ва тушунарли маълумот бериши шарт. Қонуннинг 23-моддасида давлат истеъмолчиларнинг товар сотиб олиши ва ундан фойдаланиш чоғидаги ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиши белгиланган.

Шунингдек, “TIMUR FILM” МЧЖ студияси “Дайди” фильмида бир қатор хорижий фильмлардаги кадрлардан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги Қонуни 19-моддаси талабини ҳам бузган. Ваҳоланки, Қонуннинг ушбу моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахслар муайян асардан фақат ҳуқуқ эгаси ёки бошқа ваколатли шахс билан тузилган шартномага биноан фойдаланишлари мумкинлиги белгиланган.

Шулардан келиб чиқиб, ушбу ҳолатлар бўйича Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитасига ҳамда Интеллектуал мулк агентлигига расмий тақдимнома киритилди.

Қайд этилган масалалар мазкур давлат идоралари томонидан кўриб чиқилгунига қадар “Дайди” фильмини кинотеатрларда тақдимотини ўтказиш ва кенг намойиш қилишни тўхтатиб туриш кўрсатмаси берилди.



Раздел: Шоу-бизнеса
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
КОММЕНТАРИИ НА САЙТЕ
ДОБАВИТЬ КОММЕНТАРИЙ
Имя:*
E-Mail:*
b i u color hide l c r
emo
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.