Папиллома – энг кенг тарқалган вирус инфекцияси 13 саволга – жавоб

  • Жалоба на материал
  • Автор: TezkorPRO
  • Дата: 25.12.2016
  • Просмотров : 438
  • Коммент: 0

Статистик маълумотларга кўра, папиллома вирус инфекцияси энг кенг тарқалган касалликлардан бири саналади. Кўпчилик уни сўгал ёки хол билан адаштиради. Аслида эса  тери устки қаватида юзага келган  бу ҳосила жиддий асоратларга олиб келиши ҳам мумкин. Хўш, папилломани хол ёки оддий тошмадан қандай фарқлаш мумкин? Давоси борми? Бугун шу ҳақида суҳбатлашамиз.

Мутахассис – шифокор дермато-венеролог Рустам ЗОКИРОВ

 

БУ ҚАНДАЙ ХАСТАЛИК?

Папилоллома вирусли касаллик бўлиб, бемордан соғлом одамга юқиши билан ифодаланади. Унинг оддий сўгалдан то генитал кандилома каби 100 дан ортиқ хили мавжуд. Айрим кўринишлари эса онкологик хасталикларни ҳам келтириб чиқаради. Жумладан, аёллардаги бачадон бўйни саратонида папиллома вируси кўп бор аниқланган.

 

ҚАНДАЙ ЮҚАДИ?

Қўл ёки бўйин, юз қисмида папиллома тошмаси бўлган бемор билан қучоқлашиб кўришасиз, ҳосила мавжуд тери қаватига қўлингиз тегади. Ана шу ҳолатда терининг бир-бирига ишқаланиши содир бўлиб, вирус инфекцияси юқади.  Шу билан бирга бемор артинган сочиқ, шахсий гигиена воситалари, тақинчоқлар, шарф ёки қўлқопдан фойдаланиш ҳам вирус юқишига олиб келиши мумкин. Вирус таъсирининг фаоллашиши имунитетга боғлиқ. Иммун тизими чиниққан одамларда папиллома 10-15 йилдан кейин ҳам юзага чиқиши мумкин. Акси бўлганида эса 2-3 ҳафталарда вирус фаоллашиши кузатилади. Жинсий аъзоларда келиб чиққан папиллома эса жинсий яқинлик вақти эр-хотиндан бир-бирига юқаверади. Шу боис касаллик аниқланганида жуфтликларнинг иккиси ҳам ҳар эҳтимолга қарши тиббий кўрикдан ўтиши тавсия этилади.

 

КИМЛАРДА УЧРАЙДИ?

Хасталикда ёш кўрсаткичи мавжуд эмас. Гўдаклардан то катта ёшлиларгача вирус юқтириб олиши мумкин. Аксарият ҳолларда папиллома боланинг кичиклигида сўгал ёки тери устки ҳосиласи сифатида пайдо бўлади. Аммо «тегиниб бўлмайди»  қабилида иш кўрилгани боис вирус ўз холича қолиб кетади. Организм улғайгани сайин папиллома ҳам катталашаверади. Шунинг учун ҳам кўпроқ катталарда учрайди, деган тушунча бор.  Аслида эса вақт ўтиши билан ривожланиб, кўзга ташланиб қолади, холос.

 

ҚАЙСИ СОҲАДА КЎПРОҚ?

Папилломанинг кенг тарқалган кўриниши бўйин соҳасида учрайди. Майда, тошма сингари хили бир қарашда холдек кўриниши мумкин. Аслида эса вирус инфекцияси бўлади. Бунда паппилома ҳосиласи учли, бир-бирига туташган ёки алоҳида кўринишда бўлади. Шу билан бирга қўл кафтининг устки қисмида ясси сўгаллар, юзда, кўз қовоқлари, қўлларда, товонда  ҳам кузатилиши мумкин.  Папилломада (агар у тери ишқаланиш соҳасида бўлмаса) жиддий безовталик бўлмайди. Шунинг учун ҳам бемор организмидаги ўзгаришларни сезмай қолади.

 

БИТТАДАН ТОШАДИМИ ЁКИ БИР НЕЧТАМИ?

Асосий гап иммунитетга боғлиқ. Агар иммун тизимингиз панд бермаса, вирус кўпаймайди. Ҳатто ўз-ўзидан сўрилиб кетиши ҳам мумкин. Иммунитет суст бўлганида эса ҳосила катталашиши ёки ён атрофига тарқаши эҳтимолдан холи эмас. Бўйинда юзага келгани либос ёқаси ёки шарф билан таъсирга киришиб, устки қисми ишқаланади. Шунинг ҳисобига папилломада зарарланиш, тилиниш ёки қонаш кабилар юзага келиши мумкин. Бу эса вируснинг кўпайиши учун замин яратади.  Бўйин, қўлтиқ ости, кўкрак соҳасидаги папилломалар ҳам тери ишқаланиши ҳисобига тез кўпаяди.

 

ИЧКИ АЪЗОЛАРГА ҲАМ ТОШАДИМИ?

Бўлиши мумкин. Унинг нафас йўллари, бронхлар, ички аъзолардаги шиллиқ қаватлар ҳамда оғиз бўшлиғида юзага келиш эҳтимоли бор. Бунда ички аъзоларда аниқланган папиллома ҳолати ва кўринишига қараб, даволанилади.

 

ҲОМИЛАДОРЛИКДА ДАВОЛАБ БЎЛАДИМИ?

Бу даврда аёлнинг иммун тизими анчайин сустлашиб қолади. Шунга ҳам шамоллаш, сурункали касалликларнинг авж олиши кузатилиши мумкин. Маълумотларга кўра, ҳомиладорларда папилломанинг генитал аъзоларга тошиши кўпроқ кузатилади. Бунда вирус қон орқали ҳомилага юқмайди. Аммо туғруқ йўлларига тарқаши мумкин. Хавфли томони эса туғруқ жараёнида бола териси билан таъсирланиб, уни ҳам зарарлайди. ҳомиладорларда аниқланган папилломани лазер аппарати ёрдамида даволаш мумкин. Бироқ муолажа биринчи уч ойликдан сўнг бажарилади.

 

ВИРУС ТОШМАСИНИ ЭКТИРИШ ШАРТМИ?

Бу саволга дерматолог шифокор кўригидан сўнг жавоб олиш мумкин. Малакали мутахассис кўрик чоғи тошма хили, ҳолати ва ўлчамига кўра, гисталогия қилинадими ёки йўқми аниқлай олади. Агар бирор иккиланиш бўлса, айтайлик ҳосила усти, атрофи қизарган, шишган ёки бирор ажралмалар кузатилса, олиб ташлаганидан сўнг эктириш учун йўналтирилади. Генитал соҳадаги кандиломаларда эса суртма (жинсий аъзо, қинда бўлса) олинади, онкоген ҳамда гисталогия таҳлил текширувларига юборилади.

 

МУОЛАЖА УСУЛЛАРИ: ҚАЙ БИРИ АФЗАЛ?

Шифокор кўригидан сўнг папилломани олиб ташлаш учун муолажа усуллари танланади. Бунда кимёвий ва ишқорли препаратлар, қуюқ азотли креодиструктор ҳамда электродлар таъсирида куйдириб олиб ташлаш муолажалари қўлланилиши мумкин. Бугунги кунда энг самарали усуллардан бири сифатида эътироф этилаётгани эса лазерли муолажа ҳисобланади. Бунда папиллома ҳосиласи лазер нури ёрдамида куйдирилади. Афзаллиги тери  шикастланиши нисбатан кам ва ножўя таъсирлари йўқ.

 

КЕЙИН ҲАМ ДАВОЛАНИЛАДИМИ?

Папиллома олиб ташлангач, бемор икки ҳафтада, сўнг бир ойда бир марта тиббий кўрикдан ўтиши лозим. Қолаверса, иммунитетни мустаҳкамловчи, вирусларга қарши дорилар буюрилади. АФСУСКИ, ШУ КУНГА ҚАДАР ПАПИЛЛОМА ВИРУСИНИ БУТУНЛАЙ ДАВОЛАШГА МЎЛЖАЛЛАНГАН ПРЕПАРАТ ИШЛАБ ЧИҚИЛМАГАН.  Вирус борлиги бир марта аниқлангач, муолажадан кейин ҳам организмда сақланиб қолади. Қачонки иммунитет сустлашса, у яна фаоллашиши мумкин.

 

ТЕРИДА ЎЗГАРИШ БЎЛМАЙДИМИ?

Муолажа якунлангач, зарарланган тери устки қаватида баъзи ўзгаришлар кузатилиши мумкин. Аммо булар вақтинчалик ҳолат. Куйдирилган тошма ўрнида пўстлоқ ҳосил бўлиб, аста-секинлик билан қуриб тушади. (бу вақтда муолажа қилинган терига сув тегмаслиги лозим.) Сўнг тери қатламида пигментация юз беради. Папиллома ўлчами катта бўлганида эса терида чандиқ қолиш эҳтимоли бор.  

ФОТО: шифокор кўригидаги бемор

 

КАСАЛЛИК НАСЛ СУРАДИМИ?

ЙЎҚ. У фақатгина юқумлилиги ҳисобига тарқаши мумкин. Тўғри, баъзида «отамда ёки онамда шундай бўлганди» каби сўзларни эшитиб қоламиз. Аммо бу наслий мойилликни белгиламайди. Бир оила аъзолари умумий нарсалар, масалан, сочиқ сингари воситалардан фойдаланишади. Бунда эса вирус бемордан соғлом одамга тарқалаверади.

 

УЙ ШАРОИТИДА ОЛИБ ТАШЛАШ МУМКИНМИ?

Кимдир папилломани пинцет ёрдамида олиб ташлаш, бошқаси қончўп (чистотел) эритмасидан фойдаланиш кабиларни тавсия этади. Аслида эса ҳар қандай тери устки тошмаси фақат мутахассис назоратида даволаниши керак. Уйда халқона усуллардан фойдаланиш, тери зарарланиши, тошма кўпайишига олиб келиши мумкин. Жиддийроқ айтганда, паппилома ўсимтага айланиш эҳтимолини келтириб чиқариш ҳеч гап эмас.

 

Номи ваҳимага солгани билан папиллома – давоси бор ва ўз вақтида муолажа қилиниши керак бўлган касалликдир. Қолаверса, соғлиғингиз эҳтиётини қилиб, яқинларингиз, оила аъзоларингизнинг ҳам саломатликларини ҳимоялаган бўласиз.

 

Самира УЛУҒБЕКОВА тайёрлади.



Раздел: Наши новости
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
КОММЕНТАРИИ НА САЙТЕ
ДОБАВИТЬ КОММЕНТАРИЙ
Имя:*
E-Mail:*
b i u color hide l c r
emo
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.