Бир неча ой аввал, Шаҳзоданинг “Ўзбегим” номли қўшиғи соҳа мутахассисларининг танқидига учраган эди.
Аввалроқ, “Ўзбекнаво” эстрада бирлашмаси фаолиятининг ярим йиллик сарҳисобига бағишланган матбуот анжуманида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Шуҳрат Қаюмов ҳамда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Гулчеҳра Умарова бугунги кун ижрочилари, хонандаларнинг маънавияти ва саёз қўшиқлар ҳақида ўз мулоҳазаларини билдириб, хонанда Шаҳзоданинг “Ўзбегим” номли қўшиғига алоҳида тўхталиб, қўшиқ матнини танқид қилишган эди.
Уларнинг фикрича, Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзо шеъри билан куйланган мазкур қўшиқ сўзи мантиқан нотўғри. Боиси қўшиқда “25 ёшдасан, гултожимсан бошдасан, сен бошқасан-бошқасан, ўзбегим” дейилган. Мутахассислар айнан шу сўзларга эътироз билдириб, “Қандай қилиб ўзбек миллатини 25 ёшдасан дейиш мумкин. Ўзбекистон мустақиллигига 25 йил тўлди, ўзбек миллатига эмас”, деган фикрни олдинга суришган эди.
Бу ҳақда
мақола чоп этганимиздан сўнг Ўзбекистон халқ шоири Иқбол Мирзонинг Азизбек Турдиев таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, Шаҳзода шеърни Иқбол Мирзонинг рухсатисиз ўзгартиргани, шеърда бундай ёзилмаганини айтган эди.
Хонанда Шаҳзода йўл қўйилган хатони ўз вақтида тузатди. Танқиддан тўғри хулоса чиқарган хонанда куни кеча “Ўзбекистон” белгиси кўкрак нишони билан тақдирлаш маросимида мазкур қўшиқни куйлаб чиқди. Қўшиқдаги “ўзбегим” сўзи ўрнини, “ҳей, юртим” эгаллаган.