“Даракчи” газетасида бериб бориладиган “10 қалтис савол” лойиҳаси қайта тикланди. Лойиҳа меҳмони истеъдодли актриса Шаҳзода МАТЧОНОВА...
1. Шаҳзода, актриса бўлишни орзу қилиб юрган кезларингизда илк киносиновдан муваффақиятсизликка учрагансиз. Шундан сўнг режиссёр Зебо Наврўзованинг таклифини қабул қилиш қийин бўлмаганми?
— Тўғри, режиссёр Баҳодир Одиловнинг “Йўқолган одам” фильмининг киносиновидан ўтолмагандим. Лекин Зебо опани таклифини бажонидил қабул қилганман, ролга тасдиқланганимдан ҳам хурсанд бўлганман. Фақат бу ҳақда отамга айтолмай, икки кун қийналганман. Охири ўзимда куч топиб, киносиновдан ўтганимни отамга айтганимда узоқ ўйлаб, “Унутма, ёзги таътилинг тугагач, бор эътиборингни ўқишга қаратасан”, деган шарт билан илк фильмим бўлган — “Апрель-май”да суратга тушишга розилик берган.
2. Устоз санъаткорлар машҳурликка эришган, бироқ кино соҳасида таҳсил олмаган актёр-актрисаларга “Нега унда биз фалон йил шу соҳада таҳсил олдик?” дея уларга нисбатан салбий муносабат билдиришади...
— Бундай танқидларга мутлақо беэътиборман, шу боис жаҳлим чиқмайди. Саккиз йиллик ижодий карьерам мобайнида мен билган устоз санъаткорлар мен ҳақимда фақат илиқ фикрларни айтишади. Борди-ю, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институтида таҳсил олган актриса бўлганимда ҳам бу соҳада ўқимай туриб, кинога қадам қўйганларга салбий фикр билдирмасдим. Ишонч билан айта оламан, дипломнинг камера қаршисидаги ишга мутлақо алоқаси йўқ. Тўғри, билим олиш фойдадан холи эмас, лекин актёрларга дипломга эга бўлиш у қадар муҳим эмас. Чунки жаҳон тажрибасидан келиб чиқсак, бутун дунёга машҳур кўплаб актёрлар ҳам кино соҳасида таҳсил олмаган.
3. Орзуингиздаги санъат оламига қадам қўйдингиз, паст-баландликлардан ўтдингиз. Яна қайта имкон берилса, актрисалик йўлидан борармидингиз ё ҳафсалангиз пир бўлишга улгурдими?
— Бошқа соҳада таҳсил олиб, кинога қадам қўйганимдан сира афсусланмайман. Ва ҳеч иккиланмай яна актрисаликни танлаган бўлардим. Чунки кино, бу — ҳаётим!
4. Фақат жиддий мавзудаги фильмларда кўринаётганингизнинг сабаби танлаб суратга тушадиган даражага етдингизми ё кам гонорар таклиф қилишяптими?
— Гонорар нархига қараб эмас, сценарий ва роль танлаб фильмда суратга тушишга одатланганман. Лекин Ўзбекистонда ҳам актёрларнинг меҳнатига яраша гонорар тўлашларини истардим, албатта. Жиддий мавзули фильмлардаги иштирокимга келсак, сценарий, роль, умуман кинога аввалгидан-да жиддий ёндашадиган бўлганман. Боиси севиб қолган ё муҳаббатдан азобланган қизчаларнинг ролини ўйнаб бўлдим ва бундай такрорий роллар менга мутлақо қизиқ эмас.
5. Ҳилол Насимов, Ёлқин Тўйчиев, Рустам Саъдиев, Аюб Шаҳобиддинов, Мирмақсуд Охунов, Абдувоҳид Ғаниев, Акбар Бектурдиев. Уларни истеъдоди бўйича кетма-кетликда жойлаб чиқинг.
— Бу режиссёрлар Ўзбекистондаги энг кўзга кўринган, ўз “дастхат”ига эга ижодкорлар. Уларни кетма-кетликда жойлолмайман. Кимнидир хафа қилиб қўйишдан қўрққаним учун эмас, боиси улар бир-биридан фарқли равишдаги услуб, жанрда ижод қилишади. Уларнинг ҳар бири билан ишлаш бахти насиб этган, барчаларига ҳурматим беқиёс.
6. Кинода сиз учун идеал “турмуш ўртоқ” бу – Адиз Ражабов, Фаррух Соипов, Алишер Узоқов, Абдужалил Мавлонов, Азиз Раметов…
— (Кулади), аниқ жавоб беришга қийналяпман. Кинода идеал “турмуш ўртоқ” бўлмайди, назаримда. Боиси қаҳрамонларимиз гоҳ ижобий, гоҳида салбий қиёфада бўлади ва турли зиддиятли вазиятларда тўқнашамиз.
7. Кўпчиликнинг фикрича, дугонангиз – хонанда Нилуфар Усмонованинг “Кел иккимиз” қўшиғи клипидаги қаҳрамонингизнинг прототипи айнан ўзингиз экансиз?
— Бу ҳақда сира эшитмаган эканман. Ишонтириб айтоламан, тахминлар нотўғри. Боиси, клипдаги қаҳрамонимнинг фарзанди бор, мени турмушга чиққанимга эса эндигина икки ой бўлди.
8. Турмуш қуришингиз шунчалик гап-сўзларга сабаб бўлишини ҳеч ўйлаганмидингиз?
— Йўқ. Гап-сўз қилаётганлар менга ҳасад қилишяпти, холос. Ҳеч кимга ёмонликни раво кўрмаган ва хафа қилмаган бўлсам-да, турмушга чиққанимдан сўнг негадир миш-мишларга кўмиб ташлашди. Уларнинг гапларига энди беэътиборман. Фақат унутишмасин, бу — қайтар дунё! Муҳими, яқинларим қандайлигимни билишади. Шахсий ҳаётимдан эса кўнглим хотиржам.
9. Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетидан олган дипломингиз чанг босиб турибдими ё ўз соҳангизда ҳам иш бошлаганмисиз?
— Тўғри, дипломим токчада турибди, лекин фахрли бурчагида. Ўша билимларим ҳаётимда катта роль ўйнаган. Масалан, халқаро фестиваллардаги суҳбатларда қаерда таҳсил олганимни сўрашганида катта мамнуният билан “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида”, дейман. Ва атрофимдагилар шундай нуфузли университетни тамомлаган талаба кино соҳасига қадам қўйганидан хурсанд бўлишади. Дипломим гарчи токчада турган бўлса-да, ҳаёт йўлимда ўз изини қолдиришга улгурди.
Махсус савол! Алишер УЗОҚОВ, актёр: — Бутун ҳаётингиз тушга айланиб қолишини истармидингиз?
— Асло. Чунки ҳаётимдан тўла мамнунман, ўтмишимдан ҳам розиман. Ҳеч қачон ҳеч нима учун афсусланмаганман.
Садоқат АЛЛАБЕРГАНОВА тайёрлади.