Умид Искандаров: “Оилам ҳақидаги саволларни очиқ қолдиряпман”

  • Жалоба на материал
  • Автор: TezkorPRO
  • Дата: 08.02.2017
  • Просмотров : 353
  • Коммент: 0

“Даракчи” газетасининг “Мен ҳақимда” лойиҳасида актёр Умид Искандаров ўзи ҳақида сўзлаб берди.

Устоз.

Фақат таълим берган ёки бирор-бир касбга ўргатган инсонларни устоз, дейиш нотўғри менимча. Мен ҳар куни учратадиган, билиб-билмай менга ўрнак бўлганларни ҳам устоз деб тан оламан. Ҳақиқий устозлар ҳаётда танлаган йўналишимизни аниқлашга ёрдам беришади. Бу рўйхатнинг биринчи қаторида олийгоҳдаги Эдуард Давидов, Маҳкам Муҳаммедовлар ўрин олган. Улар менга санъат ҳақидаги тушунчаларни сингдириб, қизиқишимни орттиришган. Бундан ташқари, укам Муҳаммадали Искандаров ва бувимдан ҳам кўп маслаҳат оламан.

Кино ва театр.

Театрда фаолият олиб бориш ҳақида кўп ўйлаганман. Фақат бунинг учун авваламбор ҳар бир ишни тўғри тақсимлай билиш керак. Кун тартибим режага солинмаган. Кундузи 2-3 гача ухлаб, кейин туни билан тасвирга олиш ишлари, ижод билан банд бўламан. Бундай режимда театрда ишлай олмаслигим аниқ. Лекин театрда роль ижро этиб, томошабинлар билан жонли мулоқотда ишлашни орзу қиламан. Бу масканга, у ерда фаолият юритадиган устозларга меҳрим бошқача.

Кутилмаган танаффус.

Шундай вақтлар бўлдики, менга таклиф қилинган барча ролларни ўйлаб ўтирмасдан қабул қилдим. Аммо бир хилликдан қочиш вақт келди. Бу гапим билан киноижодкорларни қоралаш, ижодларига паст назар билан қараш ниятим йўқ. Бироқ ўзимни тарихий, киноматографиямизда янгилик бўла оладиган жанрдаги фильмларда кўргим келяпти. Севишганларнинг ролидан жуда чарчадим. Умид Искандаров замон қаҳрамони ролларини ижро этадиган вақт келди, деб ҳисоблайман. Лекин шундай бўлса ҳам, бекорчи бўлиб қолмаслик учун бир-икки фильмларда ролларим бор.

Муаммолар.

Бу ҳаётда муаммосиз яшаб бўлмайди. Бугун мени қийнаётган ташвишлардан бири бу кам харажат қилиб, яхши киноасар суратга олиш. Дунёда шундай картиналар борки, уларнинг харажати жуда кам, бироқ, энг кассабоп кинога айланган. Шу ўринда, Муҳаммадали режиссёрлигида суратга олинаётган янги лойиҳани айтиб ўтмоқчиман. “Афғонда қолган...” фильмининг воқеалари орқали 80-йилларнинг долзарб масалалари бугунги кунимизга ҳам таъсир этаётганини кўришингиз мумкин.

Дўстлар.

Кўпинча санъаткорни фақат санъаткор тушунади, деган гапни эшитаман. Тўғри, баъзи масалаларда ҳамкасбларнинг тил топишиши осон. Лекин чин дўст бўлишда касбнинг ҳеч қандай ўрни йўқ. Масалан, менинг яқин дўстларимдан бири ички ишлар ходими — Музаффар. У билан бир-биримизни тушуниш учун ярим сўзнинг ўзи кифоя. Лекин барчадан афзал кўрадиган инсоним, бу — укам. У билан ҳар қандай вазиятда бир-биримизни қўллаб-қувватлаб турамиз.

Хобби.

Болалигимдан машиналарга, уларнинг тузилишига янги чиққан моделларига жуда қизиқаман. Орада ташвишлар билан бўлиб бу хоббимни бироз унутган эдим. Аммо энди ўша қизиқишим яна ортиб боряпти. Бўш вақтим бўлиши билан машиналар ҳақидаги кўрсатувларни мазза қилиб томоша қиляпман.

Оғзи куйган...

Биласизми, шу кунгача шахсий ҳаётим билан боғлиқ барча саволларга жавоб бериб келганман. Аммо бугун тушуниб етдимки, санъаткорнинг шахсий ҳаёти доим сир бўлиб қолиши керак экан. Чунки, сўнгги пайтларда оилам билан боғлиқ бўлар-бўлмас гап-сўзлар тарқалди. Бу жуда ёқимсиз ҳолат. Шунинг учун оилам ҳақидаги ҳар қандай саволларни очиқ қолдиряпман. “Оғзи куйган, қаттиқни ҳам пуфлаб ичади” дейишади-ку... Нафақат рафиқам, балки ота-онам ҳақида ҳам гапирмайман.

Алия СУЛАЙМАНОВА суҳбатлашди



Раздел: Шоу-бизнеса
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
КОММЕНТАРИИ НА САЙТЕ
ДОБАВИТЬ КОММЕНТАРИЙ
Имя:*
E-Mail:*
b i u color hide l c r
emo
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.