— Чиройлисиз-да, опа, – ҳавас билан қаради унга қўшнисининг ўсмир қизи, — мен ҳам сиздай бўлсайдим…
— Бўйинг баландгина, қаддинг бирам келишган-а? – ҳасади келди дугонасининг. – Ҳар қандай кийим ярашаверади…
— Гўзалсиз…
— Латофатлисиз…
— Тенги йўқсан…
Бу каби илтифотлар, эътирофларни эшитгани сари ўзига, ҳуснига маҳлиё бўлиб бораверди ва ахийри дунёда ўзидай бошқа соҳибжамол йўқлигига ишониб қолди: у ҳаммадан чиройли, ҳамма унга ҳавас қилади… У чиройига бино қўйди. Бошқа барча нарса – чиройли феъл, гўзал табиат, ярашиқли одат-фазилатларни ўзидан нари суриб қўя қолди. "Гўзаллигим ҳаммасидан ўтади”, деди. "Хушрўй эканман, доим ишим "беш” бўлади”, деди.
Вақт ўтди. Орзу-ҳавас билан турмушга чиқди. "Ҳаммадан чиройли қиз барчадан бахтли ҳам бўлади”, деб ўйлаганди. Аммо адашди. Ҳусни, чиройи оила, турмуш синовидан уни олиб ўтолмади – панд берди. "Муомаласи йўқ экан”, деди эри. "Қўлидан бир иш келмас экан”, деди қайнонаси. "Овқатида маза-матра йўқ”, дейишди қайинука-қайинсингиллари. "Саришта эмас экан”, дейишди қўшнилар. "Фақат чиройи бор экан-да, нон ботириб еб бўлармиди”, деб лаб буришди қолган қариндошлар…
Шунда билди: ҳусн ўткинчи экан. Аёл кишига асл ҳусн – одобу муомала, чиройли фазилату фаросат экан…
Хуршида АБДУЛЛАЕВА