Қиз бола палахмон тоши деган гап бежиз айтилмаган. Келин бўлиб ота уйини тарк этаётган қизни «борган жойингда тошдек қотгин», деб ҳам дуо қилишади момоларимиз. Ўйлаб қоласан, киши, нега айнан тош? Буни чиройлироқ қиёсга алмаштириш ҳам мумкин эди-ку?! Жавоб топишга уринганингда турфа тахминлар, мулоҳазаларга дуч келасан. Эҳтимол бу янги хонадонга мослашиш, янги оила аъзолари кўнглига йўл топиш учун тошдек оғир-вазмин бўлиш керак, деганимикан?.. Хуллас, палахмон тоши отилди. Қиз ўзга хонадонга келин бўлиб тушди. Энди у турмуш ўртоғининг оила аъзолари ва қариндош-уруғлари кўнглига йўл топа олиши керак. Акс ҳолда…
Олтин қоидалар
Қайнота, айниқса, қайнонасидан, қайнопаю қайнсингилларидан нолийдиганларни кўп учратамиз. Улар билан тил топиша олмасликнинг эса икки асосий натижаси бор. Яхшиси — улар билан яхши муносабат ўрната олсангиз, аҳил оилага эга бўласиз. Ёмони — эрингизнинг яқинлари билан ўртангиздаги салбий муносабат ўз оилангизнинг ҳам бузилишига сабаб бўлиши ҳеч гап эмас. Хуллас, қайнота-қайнонангиз билан бир том остида яшайсизми, алоҳидами, улар билан муносабатларда муайян қоидаларга амал қилганингиз фойдадан холи бўлмайди.
1. Қайнонангиздан тез-тез маслаҳат сўраб туринг. Қайнонангиз буни эътиборлилигингизга йўйиб, хурсанд бўлади. Агар бирор гапи сизга ёқмаётган бўлса, рад этишга шошилманг. Босиқлик ва ҳурмат билан ўз вариантингизни ҳам таклиф қилиб кўринг.
2. Бардошли бўлинг. Бу қоида ҳар бир ишда, ҳатто, энг майда ишда ҳам қайнота-қайнонасининг маслаҳатлар беравериш одати борларга тегишли. Айниқса, гап фарзандингиз саломатлиги борасида кетаётган бўлса, бува ва бувисининг кўрсатмаларини қатъий рад этманг. Ахир улар нима бўлганда ҳам, яхшилик исташади. Ҳатто, маслаҳатлар ҳаддан ортиб кетаётгани сизга ёқмаётган бўлса ҳам буни уларга билдиришингиз шарт эмас. Шунчаки вазминлик билан қарор қабул қилинг.
3. Қайнонангизнинг ҳар қандай совғасини қабул қилинг. Агар улар орасида сизга ёқмаганлари бўлса ҳам жавонингизнинг бир бурчагига ташлаб қўймасдан, ҳеч бўлмаса, қайнонангиз олдида фойдалансангиз, сиздан хурсанд бўлади.
4. Ҳар бир байрамда табриклашни унутманг. Янги хонадонга келин бўлиб тушгач, ҳар бир туғилган кун ва бошқа байрамона саналарни аниқлаб, ўзингиз учун белгилаб қўйинг. Бу борада турмуш ўртоғингизга суянмасангиз ҳам бўлади. Эркаклар бундай «майда-чуйда»ларни ҳар доим ҳам эслаб қолавермайди. Аксинча, унга отаси ёки онасининг туғилган куни эканини ўзингиз эслатиб туришингизга тўғри келади.
5. Фарзандларингизни бува-бувисига меҳрли қилиб тарбияланг. Улар уйингизга меҳмон бўлиб келишса, хурсанд бўлинг. Болаларга буважониси ва бувижониси олиб келган ўйинчоқларни мақтанг, қўнғироқ қилиб, болаларингизни қайнота-қайнонангиз билан гаплаштиринг. Ахир ҳаммадан ҳам бу айнан фарзандларингиз учун керак! Улар нафақат ота-онага, шунингдек, севимли бува ва бувига ҳам муҳтож. Бола атрофида меҳрли ва мустаҳкам оила муҳитини яратиш айнан сизнинг қўлингизда.
Айрим «мумкин эмас»лар
- Биринчидан, ҳар қандай вазиятда ҳам турмуш ўртоғингиз ёнида унинг яқинларини, айниқса, онасини ёмонлаб гапирманг. Унга онаси билан гап талашиб қолганингиз тафсилотларини сўзлаб беришга шошилманг. Қайнонангизнинг бу тортишувдаги нотўғри хатти-ҳаракат ва гап-сўзларини изоҳлашга уринманг. Вазмин бўлинг!
- Иккинчидан, турмуш ўртоғингиз икки ўт орасида қолиб кетадиган вазиятни юзага келтирмасликка ҳаракат қилинг. Унга яқинлари билан ўртангиздаги зиддиятлардан шикоят қилиш ўрнига муаммони мустақил ҳал қилишга урининг. Ҳеч иложини тополмасангиз, турмуш ўртоғингизни муаммонинг амалий ечимини топиш учун жалб қилишингиз мумкин.
- Ва ниҳоят, агар унинг оиласи бир-бирини маъқулламайдиган икки гуруҳга бўлинган бўлса, ҳеч бўлмаса бир томоннинг ҳурматини қозониш учун улардан бирига ён босманг. Бетарафликка риоя қилиб, ҳамма билан бир хил муносабатда бўлишга урининг. Шунда фитначи, жанжалкаш каби номга эга бўлмайсиз.
Хулоса
Турмуш ўртоғингиз ва унинг яқинлари билан муносабатда бир умумий қоидага амал қилинг. Бу ҳам бўлса, самимийлик. Тўғри, ҳаммадан кўра турмуш ўртоғингиз билан бир-бирингизни тушуниш осонроқ кечади. Ахир ўртада муҳаббат бор! Умуман, янги оила аъзолари билан тил топишиш ўзаро ҳурмат асосида қурилиши лозим. Бу ҳурматга эришиш учун эса, аввало, ўзингизни ҳурматга арзийдиган тарзда тутсангиз кифоя.