Farishta...(2-qism)

  • Жалоба на материал
  • Автор: TezkorPRO
  • Дата: 13.02.2016
  • Просмотров : 351
  • Коммент: 0
– Нима, дадаси? – деб сўради хотини, унинг ёнига
қиялаброқ ўтирар экан. Ҳалиям маҳкам тутиб олган
дастурхонидан мато ва ёғда пиширилган қатлама
иси келарди.
– Болалар нима қилишяптийкин? – деб овоз
чиқариб ўйланди эркак, ўзига келгандай бўлиб,
пешанаси тиришиб.
– Ўтиришгандир...
– Ҳа-а... – деди эркак яна, бошини қуйи эгиб. –
Бўлмади-я, ҳай аттанг!
Кап-катта бу эркак ҳозир ёш болага ўхшаб қолган
эди.
– Одамга фаришта дуч келганини сира
эшитганмисан? – деди кейин, ҳасратли овозда. –
Ахир, ёруғ дунёда сен билан менгагина дуч келувди-
я. Қанийди қўлимга олсайдим, қанотчаларини
силаб бағримга боссайдим...
Хўрсинди:
– Болалигимда орзуларим роса кўп бўларди. Ота-
онамнинг рўзғор дея уриниб-беринишларига қараб
туриб, у орзуларимга етолмаслигимниям билардим.
Ўшанда ҳаётимда бир фаришта учраб қолсаю
истакларим рўёбга чиқсайди деб хаёл суриб
юрардим. Қара, умр ўтиб кетяпти, қирққа кирган
бўлсам-да, меҳнатдан бошим чиқмай яшаб
юрибман, шу бандам фароғат нималигини билсин
деб, меҳрибон худойим фариштасини юборди.
Юборгандаям кўмакка зор қилиб юборди...
Қанотчаларини кўрдингми, қанақа кичкина,
мулойим эди? Ёнига яқинлашганимда, ичу ташим
нурга тўлди. Ҳозир мурғаккина бўлиб, лойга
қоришиб ётганини кўз олдимга келтирсам, ўпкам
тўлиб кетяпти. Худди ўзим ҳам... йиқилиб
тушганману умрим бўйи лойга қоришиб
кетгандайман...
– Ҳой дадаси, – деди хотин, ташвишланиб. – Қўйинг
энди, йиғламанг, уят бўлади.
– Э, қўйсанг-чи, – деди эркак, овози бўғиқ эди. – Ичу
ташим нурга тўлди деяпман-ку? Бундан буёғига
ҳаётим ҳам нурга тўлади дебман-а...
Хотин нима деярини билмас эди. Шу алфозда анча
ўтириб қолдилар. Осмонда юлдузлар кам, узоқ-
узоқлардан нималарнингдир саси келар, аҳён-
аҳёнда буталар орасида бир нима шитирлар, гоҳ
томчи узилиб ерга тушар... шу овоз ҳам эшитилар
эди.
– Найлайин, осмон узоқ, ер қаттиқ экан, – деди
ниҳоят эркак, тақдирига тан бериб. – Тур, уйимизга
кетақолайлик.
Хотин итоат билан бўйсунди. Бирданига қалбида,
букчайиб қолгандай кўринаётган эрига раҳм
уйғонди, унга қанақадир ширин сўз айтиб, кўнглини
кўтаргиси келди.
– Қўйинг, дадаси, – деди. – Худога шукр,
ҳаётимиздан нолийдиган жойимиз йўқ, эл қатори,
бировдан ортиқ, бировдан кам яшаб юрибмиз.
Орзу ҳавасларингизнинг ҳаммаси олдинда, қўша-
қўша тўйлар турибди ҳали.
– Ҳа-а... – деди эркак, ўша алфозда одимларкан,
хаёлчан, хотинига қарамасдан. – Тўғри айтасан,
олдинда ҳали тўйлар ҳам бор...
Шу тарз икковлон мўъжиза рўй берган
чакалакзордан узоқлашиб кетишди. Қиёфалари
тунги осмон тоқида қорайиб кўринарди – сўлим
водийнинг чекка бир қишлоғида, тунги ёмғирдан
кейинги лой йўлдан уйларига қайтаётган шу жуфт,
шу орзуманд эру хотин...


Раздел: Стихи / Рассказы
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
КОММЕНТАРИИ НА САЙТЕ
ДОБАВИТЬ КОММЕНТАРИЙ
Имя:*
E-Mail:*
b i u color hide l c r
emo
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.