Куз ёмғири

  • Жалоба на материал
  • Автор: TezkorPRO
  • Дата: 11.01.2016
  • Просмотров : 393
  • Коммент: 0
Шаҳар ғала-ғовуридан ўзини четга олган бу дўконча кўҳнагина мактаб биқинида, кўп қаватли эгизак бинолар ўровида жойлашган эди.
Тўрт фаслга мосланган пойафзаллар билан тўлдирилган дўконнинг доимий ёрдамчилари – сониялар, соатлар, кунлар – бозорга боришга эринадиган, зарурат туғилгандагина оёқ кийим эсига тушиб қоладиган харидорларни тинимсиз етаклаб келарди. Шунга қарамай, дўконча, даромадидан кўра кириб чиқувчиларининг кўплиги билан мақтаниши мумкин эди, холос. Вақтнинг харидор чорлашдан тинкаси қуриб қолган пайтларда сотувчи аёл қўлига китоб оларди. Эскириб, титиғи чиқиб кетган бу китоб билан у анча йиллардан бери суҳбатлашиб келади. Суҳбат-мутолаа ҳар гал поёнига етгач, яна қайта бошидан тушишар, бу эса аёлга бир ҳаётни такрор-такрор яшаётганга ўхшаб туюларди. Лекин у бундан зерикмас, ҳатто кўникиб кетган эди.
Ҳар куни дўкон олдидан бутун орзулари амалга ошишига ишонадиган болакайлар, ҳорғин ва хотиржам юзларига ўтмишлари битилган кексалар, умрдан ўз улушларини олиб қолиш илинжида юрган эркагу аёллар бетиним ўтиб туришар, дўкон ойнаси гўё экрану, аёл худди сўзсиз фильм томоша қилаётгандек бўлар ва ўзининг бу тасаввуридан мийиғида кулиб қўярди.
Аёлга энг завқ бағишлайдиган нарса – ёнгинасидаги мактаб қўнғироғининг жаранги ва дўкон олдидан гоҳ бир-бирини қувлаганча, гоҳ шўх кулгулари билан еру осмонни тўлдирганча ўтиб кетадиган ўқувчиларни томоша қилиш эди. Уларни кўргач, хотира китобидаги қарийб унутилаёзган қайсидир саҳифалар очиларди…
Мана, дўкон ёнидан қирқ ёшлар чамасидаги қотмадан келган бир аёл етти-саккиз ёшлардаги ўғлини етаклаганча ўтиб кетяпти. Ногаҳон аёл таққа тўхтади. Нигоҳларини дўкон ичига йўллади. Сўнг яна кўзларини ерга тикканча бир-икки қадам ташлади. Яна тўхтади. Гўёки кимдир уни гоҳ олдинга, гоҳ орқага тортқиларди. Охири оёқлари уни дўкон эшигига бошлаб келди. Аёл бўсағада тураркан, ижозатомуз нигоҳ билан ичкарига қаради. Сотувчининг: "Ассалому алайкум, марҳамат, киринглар, бемалол ёққанини танлаб олаверинглар”, деган лутфидан кейин остона ҳатлади. Болакай эса бундай антиқа жойга келиб қолганига қувониб, онасининг қўлидан юлқинишга уринарди. Аёл кузги пойафзалларни ўзгача бир ҳавас билан кўздан кечира бошлади: мана ялтироқ чармлиси, ён тасмачаларига рангли тошлар ёпиштирилгани, пошнаси баланди, учи қуш тумшуғидай чўзилганию гул шаклидаги мато билан безатилгани. У ўзини музейдаги қимматбаҳо экспонатларни томоша қилаётгандек тутарди. Дўкон бурчагидаги охирги сафларда турган бир туфлига кўзи тушганда аёл таққа тўхтади ва унга тикилиб қолди. Ҳеч қандай безаксиз, одмигина бу туфлининг ўтган йилги мавсумдан "мерос” бўлиб келаётганиданми, нархи арзонроқ эди. Аёл беихтиёр қўлини туфлига узатди-да, нимадандир истиҳола қилдими, дарҳол тортиб олди ва сўради:
– Бу… қанча туради?
Саволни бердию бутун вужуди қулоққа айланди. Сотувчи айтган баҳо жуда арзон эди. Аммо нархни эшитган аёл бехосдан кафтлари орасидаги жажжигина қўлчани қаттиқроқ қисиб юборди. Унинг сониялар ичида ўтган бутун изтироблари ана шу тарзда ифодаланган эди. Ўғли кутилмаган оғриқдан чинқириб юборди. Она дарҳол жажжи бармоқчаларни силади ва сотувчига хижолатомуз табассум қилганча дўкондан чиқиб кетди. Ана шу дақиқаларда аёлнинг урингангина кўйлаги ва нимдошгина пойафзалига кўзи тушган сотувчининг кўнгли алланечук бўлиб кетди.
Бугун савдо ғилдирагини айлантиришга вақтнинг ҳам қурби етмади. Кичкина қизи шамоллаган, дўконни эртароқ ёпиб уйига жўнаш керак. Шундай қилди ҳам.
"Саҳар турсанг, ишларинг юришади, ризқинг кўпаяди”. Бу гапни онасидан кўп эшитганди. Шунинг учун дўконини бугун одатдагидан эрта очди. Сўнгра қора булутлар кузатуви остида дўкони олдига сув сепиб супурди. Вақт харидор чорлаш билан овора экан, у ичкарига кириб китобини қўлига олди. Аммо хонага бостириб кирган ернинг нам ҳиди руҳини аллақаёқларга чорлагандек бўлди. Қишлоғидаги таниш манзаралар кўз олдидан ўта бошлади. Сотувчи тўйиб-тўйиб, чуқур-чуқур нафас олди-да, кўчада мудраётган ҳаётнинг уйғонишини кутиб кўзини китобга тикди.
Шамол оёғи куйган товуқдек у ёқдан бу ёққа югурарди. Кун пешинга яқинлашган. Саҳар турмоқ ҳикматини пешма-пеш сотилаётган товарлари тасдиқлаб турарди. Сотувчи дўкондаги икки харидор билан андармон бўлиб турганида баҳайбат қора машина савлатига яраша овоз билан "ғийқ” этиб дўкон олдида тўхтади. Машинанинг орқа эшигидан ўзгача русумдаги мактаб формаси кийган ўн тўрт-ўн беш ёшлардаги қизалоқ ва олд эшикдан бошидаги кепкасини тўғрилаганча башанг кийинган бир киши тушди. Аёл уларни дўкон ичига кириб келгунларига қадар кузатиб турди ва шунча дабдабага ярашмаган ҳиссиз юзларига қараб, уларнинг суратини чизган "рассом”га истара, қувонч ранглари етишмай қолганига таажжубланди. Гўёки бундай одамларнинг юзига сув сепиб ўзига келтириш керакдек туюларди. Дўконга кирибоқ ота ҳали танланмаган туфли учун орқа чўнтагидан бир боғлам пулни қўлига олди. Қизча кутилганидай юқориги қаторда, алоҳида мавқе эгаллаган пойафзалларга кўз югуртирди-ю, ҳам нархи, ҳам пошнаси бошқаларига қараганда анчагина баланд бўлган туфлини бармоқ учлари билан кўрсатиб:
– Ана шунинг ўттиз еттисини беринг, – деди.
Сотувчи талабни бажаришдан олдин беихтиёр қизнинг оёқларига назар ташлади. Оёғидаги бежиримгина феруза тошли туфлиси билан қўлидаги сумкасининг ранги бир хил эди. Қиз танлаганини кийиб кўрар экан, юзидан қисқа муддат ичида табассум югуриб ўтди:
– Буни кеча олиб берган маржонингиз билан ҳам кийсам бўларкан. О, мана бунисини ҳам оламан. Уйимиз ёнидаги дўконда шунга мос шарф ҳам кўргандим.
Ота пойафзалларнинг нархини сўраб, сотувчига пул тутқазди…
Қора булут, ниҳоят, дард ёрди: шаррос ёмғир қуйиб юборди. Сотувчига таниш бўлган мактаб қўнғироғи жаранглади. Бугун даромад нисбатан мўл бўлганини ўйлаб ўтирар экан, эшикдан боласини етаклаганча ўша таниш аёл кириб келди ва пешонасидан сизаётган ёмғир томчиларни артаркан, остонадан бир қадам ўтиб тўхтади. Сотувчи она-болани дарҳол таниди ва очиқчеҳра билан уларни ичкарироққа таклиф қилди. Аёл юзида қотиб қолган ним табассум билан ўғлини етаклаганча қил кўприкдан ўтаётгандек эҳтиётлик билан юриб бурчакка борди ва ўша илгари кўриб кетган туфлисига бир муддат тикилиб турди. Ўғли эса, кўчада ёмғирда қолгани ёқмаганми, жимгина турар, ҳеч нарсага қизиқмасди. Онаси кўзини ердан узмаган кўйи туфлининг нархини яна сўради. Бола сотувчи оғзидан яна ўша нарх янграгунга қадар бўлган муддатда онасининг юрак товушини эшитди. Сотувчи ўша рақамларни қайтараркан, нима учундир хижолат тортди. Шунда фарзанд нигоҳларини онасининг оёқларига қадади. Бола онасининг шунча йиллардан бери кийилавериб орқаси эзилиб кетган, олд ва ёнларидаги баъзи жойларнинг чоклари сўкилган оёқ кийимини кўриб, гоҳ онаси юзига, гоҳ ерга тикиларди, тикилгани сайин кўзларидаги мунг қуюқлашарди. Ва шу лаҳзаларда боланинг болалиги ёмғирга ҳам қарамасдан ҳеч қачон қайтмайдиган бўлиб дўкондан чиқиб кетди.
Аёл ўғлининг руҳиятида нимадир чил-чил синганини оналик қалби билан сезди-ю, сотувчига миннатдорчилик билдирганча тез-тез қадамлар билан дўконни тарк этди. Сотувчи юрагида эса ноиложлик донларини тортқилаётган саф-саф чумолилар ғимирларди.
Дўкон олдига бугун ҳам фаррош булутлар саҳарлаб сув сепган. Ичкарида эса сотувчи аёл қўлидаги китобнинг саҳифасини очган кўйи бир нуқтадан кўзини узмай хаёлга толган.
– Ассалому алайкум, ҳорма энди!
Нохос эшитилган овоздан аёл сесканиб тушди. Қараса, эрининг жанозасидан бери дийдорини кўрмаган, аниқроғи, дийдорини кўрсатмаган тоғаси. Аёл қувонганидан югуриб тоғасига пешвоз чиқди. Тоға эса бутун соғинчини оҳистагина қўл узатиш билан изҳор айлади. Анча давом этган салом-аликдан сўнг тоғаси катта қорнини эҳтиётлаб стулга ўтираркан, асл муддаога кўчди:
– Яхши!.. Яхши дўконни ижарага опсан деяпман. Балли, аёл бошинг билан эплаяпсанми, қандингни ур. Бунгача қандай қийналганингни эшитиб, роса ачинардим. Кўчиб кетганингдан сўнг, мана, узоқ-яқиндан суриштириб дўконингни топдим. Кўрдингми, бой бўлиш – қариндошларни топишнинг осон йўли, уларнинг ўзи сени излаб келишади. Ана шундай бойишда давом этсанг, бошқа қариндошларингниям кўрасан, – мийиғида кулди тоға. – Хуллас, гап бундоғ: кўриб турганингдай куз серёғин келди. Ана бу жониворни кийиб юрганимга эса икки йил бўляпти, – у оёғидаги туфлига ишора қилди. – Шунга-а-а, бир бақувватидан, совуғу ёмғирга чидайдиганидан топиб бер! Пул бегона бўлмасин дейман-да.
Юраги ҳапқирганча турган жиян тоғасига истаганидан зиёдасини топиб берди. Аммо тоғасининг кўзларидан ўзи истаганини топа олмади. Қаерлардир, кимлардир, нималардир ҳақида сўрагиси, суҳбатлашгиси келар, аммо тили унга бўйсунмасди. Тоға анча муддат пойафзалнинг пишиқлигини, лойиқ-лойиқмаслигини синагач, туфли солинган қутини қўлтиқлаганча ўрнидан турди:
– Майли, жиян, ана шундай шижоатни йўқотма. Лекин, онанг раҳматликни ўзи бўлибсан. Раҳмат, эртага ўғлим бор-ку – Тоштемир аканг, пулини ташлаб кетади. Бўпти, яхши қол!
Қуюққина хайрлашган тоғаси қўлини силкита-силкита тезда дўкондан йироқлашди. Аёл тоғасининг орқасидан кузатар экан, ёмғирга ҳам қарамай шошганча чилп-чилп этиб, эҳтимол қайтмас бўлиб кетаётган оёқларга қараб қолди. Тоғаси чеккароқда кутиб турган кулранг машинага ўтирдию жўнаб кетди. Ёмғир эса боши эгик ҳолда туриб қолган жиянни алланималар деб овута бошлади. Аёл юзидаги ёмғир томчиларими, кўз ёшларими, фарқлай олмаганча дўконга қайтди.
Бугун эрталабдан бери тоғасининг кечаги гапларини ҳазм қилолмай оғриниб юрди. Харидорлар билан ҳам гаплари қовушмади. Кеча берилган ваъда туфайли бу кун дўкон одатдагидан янада эртароқ очилган. Кириб келадиган ҳар бир харидордан танишлик белгисини қидиравериб кўзлари ҳам толиқди. Ана шу чарчоқларни, бир зумга бўлса-да, ҳайдаб соладиган мактаб қўнғироғи чалинди. Мана, эшик олдидан беғам болалик ўтиб-қайтишни бошлади. Сотувчи завқланиб гоҳ уларни кузатар, гоҳ савдосига шўнғирди. Дўконга озғин юзларига кузнинг ранги сингиб кетган бир бола кирди-да, ийманибгина охирги қаторлардан бирида турган пойафзал томон юра бошлади. Сотувчи таниди, ахир бу ўша бола-ку! Фақат ёнида онаси йўқ. Ўзи келибди. Бола биров эшитиб қолишидан чўчигандай оҳистагина:
– Бу неччи пул? – деди.
Ана шу бир оғиз гап сотувчининг шилинган юрагига туз сепди. Сотувчи майин оҳангда ўша арзон ва совуқ рақамни такрорлади. Шунчаки томошага кирган аёллар ўғил боланинг аёл пойафзалини сўраганига эшитилар-эшитилмас кулиб қўйишди. Бола тезда орқасига ўгирилди-да, чиқиб кетди. Сотувчи аёлларга қадалган нафратомуз нигоҳлари билан уларни дўконни тарк этишга мажбур қилди. Китобни қўлига олгиси келмади, харидорлар безовта қилмагунча ўзи билан ўзи суҳбат қурди. Кечгача кўзлари тўрт бўлиб тоғаваччасини кутди. Яна адашиб кетмасин дея ҳар замонда ташқарига чиқиб, кўчанинг боши ва охирини кўзи билан кезиб чиқди. Сўнгра ўзини ўзи койиб қўйди: "Ахир тоғам-ку, тавба қилдим, нима хаёлларга боряпман-а. Эҳтимол бугун ишлари чиқиб қолгандир”. Уйига қандай етиб боришини ўйламай, бугун дўконни жуда кеч ёпти. Кечаси: "Бугун тушликка иккита сомса олиб келгани бирров чиққандим. Балки ўша пайт келишгандир”, деган ўйлар билан ухламай чиқди.
Дўкон эртасига кечагидан-да эрта очилди. Баъзан ёмғирнинг шитирлаб ёғиши қадам товушларига ўхшар ва сотувчининг умидвор кўзлари бўсағага югурарди. Пешин яқинлашяптики, дарак йўқ. Кириб келаётган ҳар харидорга "Эҳтимол қўшниларидан бериб юборгандир, эҳтимол набираларидан, эҳтимол…” дея илҳақ термиларди. Тинчланиш учун қўлига китобни ҳам олиб кўрди. Ана, яна қадам товушлари эшитиляпти. Кўзини китобдан олди. Юраги эса дукиллаганча эшикка югурди. Эшикда камзули остидан қават-қават кўйлак кийган, қўлида эски бозорхалта кўтариб олган, кўзлари ўйнаган лўли қиз пайдо бўлди. Сотувчининг ҳафсаласи пир бўлди-ю: "Эҳтимол, тоғаваччамнинг киришга вақти бўлмай шу лўлидан илтимос қилгандир”, деб ўйлади ва ўзининг хаёлидан уялиб кетди. Лўли қиз бамайлихотир кириб, оёқ кийимларга кўз югуртириб чиқди. Сўнг камзулининг чўнтагига қўл солди. Сотувчи аёлнинг қувончдан юзи порлади: "Айтдим-ку. Ана, ҳозир пулни чиқаради”. Лўли қиз анча кенг тикилган чўнтакни кавлай-кавлай кичкина идишдаги носни олиб, тилининг тагига ташлади. Аёлнинг устига муздай сув сепилгандай бўлди. Лўли яқингинада ота-қиз ҳайбатли машинада келиб олиб кетган туфлини кўрсатиб, мийиғида кулди ва деди:
– Апа, мана буниз чан пул?
Сотувчи ўша қиммат нархни айтди.
– Эбе, апа, нима деёпсиз? Манга мунай шутка қиманг, хайми? Охи, мандаям ёрилайкон юрак бор. Хэдойэ тавба. Ҳа, апа, манга бэр фикр келли. Ман зўр фол очаман. Маники мана бунизданам қэммат турсаям, майли, фолэмни алмашаман. Фолэм учун манга нимала беришмаган дейсиз. Зарур бўгане учун розе бўломман. Кафтезни беринг, сизга ким эссиқ-совуқ қэган, ким эризни бошини айлантирган, ҳаммасини айтаман. Тавба, нэмага қўрқопсиз, иби, қўрқманг. Узатинг, ахэ қўлизни!
Аёлнинг кўнглига ҳозир нафақат лўли қизнинг ўзи, ҳатто унинг овози ҳам сиғмасди. Авваламбор, эри автоҳалокатда вафот этганига салкам беш йил бўлган бўлса, бунинг устига, яқинда тоғасидан оғзи куйган бўлса. Фол учун яна битта туфлини бериб юборармиш. Одатдаги мулойимлик билан лўли қизга:
– Синглим, ҳеч қандай фол-мол очтирмайман. Уларни эса, хафа бўлманг-у фақат пулга сотаман. Мениям тирикчилигим шу-да, – деди.
Лўли қиз:
– Ба Худо! Бирэнчидан, фолэмни мол дема, хайми, иккэнчидан, очтирмасанг очтэрма. Оғзэмдагиниям заҳар қиллинг, – дея ташқарига носини туфлади ва: – Шунеям бил – ўйлаб юрган нарсанг бўмайди, хаймэ, ҳали мани айтти дейсан. Молмиш-а?! Хэдо осен, тавба! – деганча жаҳл билан дўконни тарк этди.
Лўлининг охирги гапидан сўнг аёлнинг умид торлари бирин-кетин узила бошлади. Энди товар эгасига нима дейди. "Эҳтимол келишар. Йўқ. Лўли бўлмайди деди-ку. Худойим, ўзинг ёрдам бер!”. Стулига оҳиста чўкиб, бошини кафтлари орасига олди. Шу пайт, бир бола ичкарига аста мўралади-да, ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилгач, секин кириб келди. Аёл бошини кўтарди. Яна кўксининг қаеридир ачишди. Бола сотувчига салом бериб, ўша туфлининг қаршисига бориб тўхтади. Анчагача тикилиб турдию, чиқиб кетди. Икки томчи ёш аёлнинг юзида из қолдирди.
Бугун қуёш ҳамма жойни бирров назорат қилгач, кўздан ғойиб бўлди. Аёлнинг юзига маъюслик билинар-билинмас соя солган бўлса-да, уйқуси кечагидан яхши бўлганлиги сезилиб турарди. У охири шу қарорга келганди: "Нима бўлганда ҳам ўз тоғам-ку. Пулини берган тақдирда ҳам олмаслигим керак эди. Ахир шунча йиллардан бери кўришмаган бўлсак. Э, пул азиз бўптими”. Одатдагидай одамларнинг кир-чиқи билан кун пешиндан оғди. Мана, яна ўша бола. У ҳеч ким йўқ пайтни пойлаб дўконга кирди-да, таниш туфлининг қошига бориб турди. Сотувчи аёл дарҳол тилга кирди:
– Ўғлим, онанг яхшими, кўринмайди? Нега у сени мактабдан олиб кетмаяпти?
Бола кўзини ердан узмаган кўйи деди:
– Йўлни ўзим топиб бора оладиган бўлдим.
Шу вақт дўконга қотмадан келган, элликлардаги бир эркак кириб келди ва оёқ кийимларни кўздан кечира бошлади. Бола бошқа ҳеч нарса демоқчимасди-ю, беихтиёр яна ўша саволни такрорлади:
– Бу неччи пул?
Бояги эркак бу саволни эшитиб боланинг ёнига аста яқинлашди ва унинг бошига енгилгина уриб қўйиб:
– Ў жўжа, хўроз бўл! Аёлларнинг туфлисини бошингга урасанми, аҳмоқ! – деди.
Бу гапдан сўнг боланинг қулоғи, кейин бутун юзи тарсаки егандай қизариб кетди. Дўкондан отилиб чиқиб кетди. Аёл ғазаб тўла нигоҳларини кишига найзадек қадади:
– Болагаям шундай дейдими? Чиқинг бу ердан, сизга нарса сотмайман!
Эркак ҳайратдан бақрайган кўзлари билан дўконни тарк этди. Аёл кечаги лўли қизнинг айтган охирги гапларини яна бир эслади-да, бугун дўконини эртароқ ёпишга аҳд қилди. Тоғаси билан изсиз кетган туфлининг нархини қоплаш учун китоб жавонини сотиш мақсадида уйига йўл олди.
Аёл бугун анча хотиржам кўринади. Қўлида ўша китоб. Суҳбат давом этмоқда. Вақт яккам-дуккам харидорларни эринчоқлик билан бошлаб келарди. Она жажжи боласининг "она” дейишига илҳақ бўлгандек, аёл ҳам бугун нимагадир дарслар тугаганидан мужда берувчи мактаб қўнғироғини интизорлик билан кутарди. У бугун болакайнинг кўнглини кўтариш, қўлидаги китобдан ривоятлар айтиб бериш учун астойдил ҳозирлик кўрган. Мана, кутилган қўнғироқ ҳам чалинди, аммо кутилаётган инсондан дарак йўқ. Соатлар кечгача "Ана келар, мана келар” дея сотувчини овутиб ўтиришди. Ниҳоят, ҳеч нарса олмайдиган сўнгги харидор – тун дўкон остонасига яқинлаша бошлади.
Яна саҳардан дўкон эшиклари очилган. Сотувчи аёл бўсағада туриб, табиатнинг илоҳий ифоридан тўйиб-тўйиб, чуқур-чуқур нафас олди. Кеча шамоллаб ётган қизининг анча тетиклашиб, юзига қизиллик югурганидан севинганди. Ана шу паллада сотувчининг хаёлига бугундан бошлаб даромадларидан оз-моз жамғариб юриш фикри келди. Кўзлари анча-мунча харидорларни кутиб олиб, кузатди. Туш вақти ҳам бўлди. Кутилаётган қўнғироқ ҳам чалинди. Мана, ниҳоят, боланинг аввалига пастаккина қораси, кейин ўзи кўринди. Бола ҳеч кимга, ҳеч нарсага қарамасдан дўконга шиддат билан кириб келиб, онаси олдин сўраган ўша пойафзалнинг олдига борди. Уни ҳалиям ўша жойда турганига амин бўлгач, яна ўша шиддат билан дўкондан чиқиб кетди. Сотувчи оғиз жуфтлашга ҳам улгурмади. Бу кун ҳам одатдагидай китобнинг аҳён-аҳёнда қўлга олиниши, олди-сотди билан ўз якунига етди.
Мактаб қўнғироғи яна чалинди. Фақат бугун бола кутилганидан кечроқ дўконга кириб келди. Кечаги важоҳатини эса кўчага ташлаб келгандай. Сотувчи аёл уни меҳрибонлик билан кутиб олди. Бола ийманибгина яна ўша туфлининг нархини сўради. Бу сафар сотувчи саволга жавоб бермай: "Сенинг онанг дунёдаги энг яхши аёл. Сен катта бўлсанг катта ўқишларда ўқийсан, онангни машинада олиб юрасан, мен ишонаман”, деди. Сўнгра ривоятлар айтиб берди. Бола юзидаги маъюслик тумани аста-секин тарқала бошлади. У гоҳ берилиб, гоҳ хаёлга чўмиб жимгина тинглади. Бу ерда узоқ қолиб кетганидан уялибми, хижолат чекибми, сотувчи билан хайрлашди. Эртасига ҳам, унинг эртасига ҳам кунлар боланинг ўша туфлини йўқлашлари ва ана шу зайлдаги суҳбатларга гувоҳ бўлиб ўтди. Бола суҳбатлар асносида ҳеч нарса демас, аммо юзида кун сайин қуюқлашиб бораётган маъюслик нималардир ҳақида сўзларди.
Бугун ҳаво тунд. Ёмғир енгил сепаламоқда. Сотувчи аёлнинг юраги яна мактаб қўнғироғини эшитишга ҳозирлик кўряпти. Ўша қўнғироқ ҳам чалинди. Мана, ҳозир кириб келади. Сотувчи китоб билан суҳбатларини ана шу болакай билан суҳбатларга алмаштирганди. Орадан чамаси бир соат вақт ўтди ҳамки, ундан дарак йўқ. Яна бир соат ўтди. Аёл хаёлан минг бир эҳтимоллар кўчасига кириб чиқди. Унинг эртани кутишдан бошқа чораси йўқ эди.
Эртаси ҳам аёлнинг хизматида бўлган соатлар, дақиқалар болани етаклаб келишмади. Бугуннинг келди-кетдилари ниҳоялади. Шом тонгга тақлид қилишни бошлади. Сотувчи аёл рўзғоридан орттириб, йиғиб бораётган пулларини санади. Ҳартугул мўлжалга етибди. Уларни бугунги савдодан тушган барча пулларига қўшиб юборди ва сотилган пойафзаллар рўйхати ёзилган дафтарга бола доим ҳолидан хабар оладиган туфлини ҳам ёзди. Сўнг уни қутисига солиб, эртага ўз эгасига бериб юбориш учун махсус жойга олиб қўйди.
Бугун ҳам, эртаси, индини ҳам боладан дарак бўлмади. Энди сотувчи аёл мактаб қўнғироғини ҳам эшитмасди. Хавотир унга қўрқинчли ҳикоялар айтиб бера бошлади. Ниҳоят сабр косаси бу ҳикояларга тўлди. Савдонинг қизиган палласи бўлса-да, аёл дўконни ёпдию мактабга қараб йўл олди. У ердаги бошланғич синф ўқитувчиларидан суриштириб боланинг манзилини топди. Дарҳол дўконига қайтдию қутини олиб йўлга тушди. У ёзиб олган манзил сари кетаркан, ихтиёрини бир-биридан ўзишга ҳаракат қилаётган қадамларига ташлади.
Мана, қоғоздаги ёзувга биноан узун кўча бўйлаб узоқ юрди ва чапга қайрилди. Яна озгина юриб, кўп қаватли уйларнинг олдидан чиқди. Ўзини сездирмай турган чеккароқдаги бурилишни кўрди. Ана, кичик йўлакча. Ниҳоят топди. Йўлак охирига қараб юраркан, рақами кўк бўёқ билан ёзилган пастаккина эшикка кўзи тушди. Уй эса гўёки жон таслим қилиш арафасида турган бемор ҳолатида эди. Эшик қўнғироғини тополмаган аёл оҳиста тақиллатди. Ҳар тақиллатганда эшик оғриқдан инграб қўярди. Ёғаётган кучли ёмғир овозидан тақиллашни ичкаридагилар эшитмаганликларига йўйган сотувчи аёл хиёл қаттиқроқ тақиллата бошлади. Садо йўқ. Қўлидаги қутини пастга қўйиб, бошида жиққа ҳўл бўлган рўмолини олиб бир сиқдию яна бошига ўраб, эшикни боягидан кучлироқ ва кўпроқ тақиллатиб турди. Яна сукунат жавоб қайтарди. Тўсатдан икки қаватли қўшни ҳовлидан дарвозасини қулфлаш учун чиққан киши бу аёлни кўриб:
– Кечирасиз, бу уйда ҳеч ким йўқ. Уларни яқинда олиб кетишди, – деди.
Аёлнинг юраги шув этди.
– Кимни? – деб сўради.
Эркак таажубланган оҳангда деди:
– Шу, бир бола билан ногирон кеннойини айтяпман-да. Уларнинг бирор қариндошимисиз ўзи?
– Ногирон келинойи деганингиз ким? – деди аёл. Унинг катта очилган кўзларида ҳайратомуз савол ва хавотирлар қаторлашиб турарди.
– Шу уйда турадиган кеннойи-да. Яқинда оёқлари ишламай шол бўлиб қолганди. Қўшнилар шунақа пайтда ёрдам бермасак, қачон ёрдам берамиз. Пул йиғиб ногиронлар аравачаси олиб бердик. Майли, Худо йўлига садақа қилиб туриш керак-ку…
– Қаёққа олиб кетишди? – аёлнинг овози зўрға чиқди.
– Бунисини билмадим. Қариндошлари олиб кетди. Уйларигами, ногиронлар уйигами…
Эркак яна алланималарни жавраб-жавраб кетди. Сотувчи аёл ҳеч нарсани, эркакнинг овозини ҳам, изиллаб йиғлаётган ёмғир товушини ҳам эшитмади. Тўсатдан, кўз олди қоронғилашди, оёқлари ихтиёрига бўйсунмай ерга ўтириб қолди. Шу кўйи лой ҳовучлаган қўлларини ерга уриб-уриб йиғлади, болани ўйлаб ўксиниб-ўксиниб йиғлади, аёлни эслаб куйиниб-куйиниб йиғлади. Бу дардга чидолмаган шамол увиллар, сотувчи аёлни турғизмоқчи бўлиб кийимларидан тортқиларди. Эшик остида эса қутидан отилиб кетган бир жуфт янги туфлини ёмғир кўз ёшлари билан юварди…


Раздел: Стихи / Рассказы
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
КОММЕНТАРИИ НА САЙТЕ
ДОБАВИТЬ КОММЕНТАРИЙ
Имя:*
E-Mail:*
b i u color hide l c r
emo
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.