Ана шундай деб, тошдек қотиб ўтираверсангиз, ўзингизга ёмон қиласиз, холос. Чунки, салбий туйғулар кони зарар. Хўш, нима қилиш керак?
1. Бугундан ўз устимизда ишлашни бошлаймиз. Яъни ўзингизга сўз беринг: мен бугундан ҳеч кимни ёмон кўрмайман деб. Бунинг учун ҳеч кимга баҳо берманг. Яъни «Бу — ёмон одам» дея.
2. Фарзандларимизга атрофдаги воқеа-ҳодисаларга ижобий туйғулар билан қарашни ўргатайлик. Бу йўлда, аввало, уларга ўзимиз ўрнак бўлишимиз керак. Масалан, қайнона-келин бир-бирини хушламаган оилада ўсган болалар ёмон кўриш — ҳимоя воситаси ёки одатий ҳол, дея катта бўлишади. Шунинг учун ҳам кимгадир бўлган салбий муносабатингизни фарзандларингизга ошкор этманг.
3. Борича қабул қилинг. Шунда тақдир йўлларингизда учраган кишига нисбатан кўнглингизда нафрат туйғуси илдиз отмайди. Масалан, «Бироз заҳарлиги бўлса-да, мардлиги таҳсинга сазовор», денг-да, ҳурматингизни йўқотманг. Ахир ҳар бир инсоннинг ўзига хос феъл-атвори билан бирга ижобий хусусиятлари ҳам бўлади. Шуларни кўра билинг.
4. Ўзингизни яхши кўринг. Чунки атрофидаги қайсидир одамни ёмон кўрган кишида ўзидан қониқмаслик ҳисси кучли бўлади. Ташқи кўринишидан норози одам кўзига сал ҳуснсиз кўринганга хунук дея тамға ёпиштиради. Ёки ҳеч омади юришмаётган бўлса, омадлининг хушмуомалалигини мулозаматгўйликка йўйиб, уни кўришга кўзи бўлмай қолади. Кўпчиликдан «Ўзингизни яхши кўришни биласизми?» дея сўрасак, «Ҳа», дейди. Исбот талаб қилганимизда эса асосан: «Ўзимдан пулни аямайман...», «Истаган таомимни еб, истаган либосимни кияман» каби жисмоний эҳтиёжлар билан боғлиқ жавобларни оламиз. Аслида, ўзини севган инсон хаёлларини ўтиб кетган хафагарчиликлар, норозиликлар, кўнгилсизликлар билан банд этмайдиган одамдир. Натижада кимнидир ёмон кўрмайди. Нафрат билан ўзини-ўзи қийнамайди.
5. «Мени ёмон кўради», дея бировнинг ҳис-туйғулари устидан ҳукм ўқиманг. Ахир сиз ўша одамнинг онг остига шўнғимагансиз-ку! Миясини рентген қилмагансиз-ку, сизга ҳаммаси беш қўлдек аён бўлса. Қўпол муносабат билдирса ҳам, кўнглингизни оғритса ҳам, бундай хулоса қилишингиз нотўғри. У сизни огоҳлантираётган, сизга кўзгу тутаётган ёки яхшилик соғинаётган бўлиши ҳеч гапмас-ку!
6. Биринчи белгиданоқ кўзни очинг. Аввалига ёқтирмайсиз, кейин жиғингизга тегадиган одатидан жаҳлингиз чиқади, бора-бора бу агрессияга айланиб, тилингиз ва ҳаракатларингизга кўчади. Сўнг нафрат тимдалай бошлайди юракни. Биринчи белгини сезишингиз билан аввал ўзингизга назар солинг, нима учунлигини юқорида таъкидладик, кейин обеъктни эмас, унга бўлган муносабатингизни тўғирлашга ҳаракат қилинг.
Хулоса
Ҳаммани бирдек яхши кўриб қолиш қўлимиздан келмайди. Аммо ёмон кўрмасликка кучимиз етади. Бунинг учун ҳеч кимга ҳеч қандай баҳо бермасак ва ўзимизни севсак бўлди. Ўзини яхши кўрган инсондан эса ёмонлик чиқмайди. Айтишади-ку «Бу дунёда ҳамма яхши, бу дунёда бўл яхши», дея. Сизни фақат ва фақат яхши кўришларини тилаб қоламиз, яхшилар!
Шоира ВАФОЕВА