Фарзанд ўн икки ёшда бошланғич мактабни тугатди. Шундан сўнг, у ҳунармандликка ҳавас қилди. Абдували уни темирчи оғайнисига шогирдликка топширди. Ўғил ишни босқон босишни ўрганишдан бошлади. Бу вазифани ҳадисини олгач, темирдан турли буюмлар: пичоқ, ўроқ, теша, кетмон, болталар ясашни ўрганишга тушди. Темирчи шогирдидан мамнун эди.
Фарзанд ўн бешдан ўтди. Ҳунарини тўлиқ ўрганиб олди. У исталган темир буюмни кўзини юмиб ясай оладиган даражага етди. У ёшига нисбатан бўлиқ эди, куч-қувватга тўлган забардаст қўллари бозори чаққон маҳсулотларни ишлаб чиқара бошлади. Дадасининг қалби бундан фахрга тўлди. Айниқса, унга ўз қўли билан ясаган ўткир пичоқни совға қилганда, жуда қувонди ва пичоқни ишлатмай, қини билан токча пештоқига илиб қўйди.
Фарзанд ўн саккизга кирди. Ташқи томондан одобли, муомилали инсон сифатида тарбия топди. У энди балоғат ёшига етганди ва касб-ҳунарли ҳам бўлганди. Битта оилани бемалол тебратадиган ҳолатда эди. Энди уни уйлантириш вазифаси турарди. Бувиси шу ҳақда жаврай бошлади. Абдували эса онасининг тайзиқига парво қилмади, чунки бу ишда шошишни истамасди. “Ўғлимнинг гавдаси катта бўлгани билан ўзи ҳали ёш ва жуда ғўр, ҳеч бўлмаса йигирмага кирсин, одам танисин…”, деди.
Шу аснода она-бола ўртасида келишмовчилик чиқди.
Абдували йиллар давомида ўз ўғлига яхши тарбия беришга уриниб келган бўлса-да, фарзанд маънавий томондан бетовфиқ бувисининг тўлиқ таъсирида эди.
Бир куни эрталабдан, Абдували, онасининг галдаги жаврашидан жаҳли чиқди-да, “У – менинг фарзандим, истаганимда уйлантираман!”, деганча ишига кетди.
Онанинг анча жаҳли чиқди. Ахир, у ўз синглисига унинг қиз набирасини оламан деб ваъда берганди. Ўғли эса кейинги йилларда ўзбилармон бўлиб қолди. У айвонда ўтириб олиб, ўзига ўзи гапириб хумордан чиқа бошлаганди, набираси уйғониб ҳовлига чиқиб қолди. Буюртмалари кўп бўлгани учун, у кеча кечгача устахонада қолиб, уйга қоронғуда келганди.
– Буви, ким билан гаплашаяпсиз? – сўради у.
Гапларини эшитадиган инсон топилганидан хурсанд бўлган кекса, бетовфиқ аёл ўз ўғлини ёмонлай кетди:
– Қаёқданам шу дадангни туққанман-а! У жуда худбин! Ярамас! Фақат ўзининг фикрларини мақуллайди. Она билан ҳисоблашмайди.
– Нима бўлди, ўзи? – сўради набира.
– Сенинг даданг, биласанми, қанақа одам? Билмайсан! У ўз отасини ўлдирган!
– Йўғ-е, нима деяпсиз? Бобом, ахир, касал бўлиб вафот этганлар-ку, ўзингиз айтгансиз.
– Даданг бобонгни қаттиқ дўппослаб урган, натижада у касал бўлиб қолиб, бу дунёни тарк этган.
– Ўшанда, бобомни ҳимоя қилмаганмисиз?
– Қилганман! Одамларни ёрдамга чақирганман. Аммо, даданг бобонгни майиб қилиб бўлганди! – деди бувиси. Бу ёлғон гапларидан унинг кўзлари хатто пирпирамади.
– Табиб чақириб, даволатмаганмисиз? |Uzbeklar.net|
– Вой, бобонгни кўрмаган табиблар қолмаган шаҳарда. Ҳаммасини олиб келганман. Аммо, бефойда бўлган, – яна ёлғонлади буви.
– Демак, дадам бобомнинг қотили экан-да?!
– Ҳа!.. Шу аҳмоқ даданг, энди сени уйлантираман десам, ҳали вақти эрта деяпти. Мана, синглимнинг чиройлик, ақлли, меҳнаткаш набираси бор. Сени ўшанга уйлантирмоқчиман! Синглимнинг қизи эса ҳар куни интизор бўлиб биздан совчи кутиб ўтирибди. Уйланасанми?
Барча гапларни тўппа-тўғри деб қабул қилган ғўр набира, қалбидаги ғалаён туфайли индамади. Буви эса буни, сукут – розилик аломати, деб фикр қилди.
– Сен ўзинг даданг билан гаплаш. Мени уйлантиринг, дегин.Кечки овқатдан сўнг, фарзанд дадаси ҳузурига кирди ва сўради:
– Бувим бугун сиз ва бобом ҳақида гапирдилар, шундайми, дада?
– Ҳа, болам. Мен ёшлигимда аҳмоқ бўлганман. Мен қалбимдаги жаҳолат ва нодон онамнинг, яъни бувингнинг сўзларига кириб, ўз отамни дўппослаганман. Бобонг касал бўлиб қолганлар. Бувинг уни даволатмаган ҳам. Аммам уйига олиб кетиб даволатишга ҳаракат қилган, лекин бефойда бўлган. Майит ҳам аммамникидан чиққан.
– Бувим бошқача айтаяптилар-ку!
– Йўқ, воқеалар мен айтганимча бўлган.
– Сиз ёлғончисиз. Сиз қотилсиз! Менинг ҳам уйланишимга рухсат бермаяпсиз!
– Кимга уйланмоқчисан?
– Катта холамнинг набираларига.
– Бу ҳақда менга ҳам оғиз очганлар. Биласанми, айтилаётган қизнинг онаси қанақа хотин? Нечта эрга тегиб, нечтасидан чиққан. Эрлари уни бегона эркаклар билан тутиб олишган.
– Бувимлар ақллилар, шундай бўлганда, у қизни менга раво кўрмасдилар. Сиз ўзингиз аҳмоқ, ярамас, худбин инсонсиз! Сиз – қотилсиз!
– Шундай ҳисобласанг, мен аҳмоқ ва ёлғончи бўлсам, мени қотил деб ўйласанг, мен билан бошқа гаплашма. Сенга қанча меҳр бергандим. Бор, йўқол, сендек ўғлим йўқ!