Umidli nido

  • Жалоба на материал
  • Автор: TezkorPRO
  • Дата: 11.01.2016
  • Просмотров : 417
  • Коммент: 0
Тун... Жойнамоз устида ёш аёл қўлларини
дуога очганча Аллоҳга илтижо қилмоқда.
Лаблари титраб... Қалбдан чиққан
дуоларни шивирлаб... Кўз ёшларини
тўхтатолмай... Аёлнинг энг катта истаги –
Роббисининг розилигини олиш. Бунга
улгуриш... Вақт эса оз, жудаям оз...
Шифокор тилидан осонгина чиққан
ташҳис унинг онгига оғир юк бўлиб
жойлашган. Бош мия саратони... Бу
дарднинг қандай эканлигини фақатгина
унга дучор бўлганлар билади, вужуди
билан ҳис қилади. Оғриқлар уйқу
бермаганда...
Тўшакда бошини чангаллаганча ғужанак
бўлиб ётганда...
Ҳаттоки кўзларни бир зумга очишга ҳам
мадори қолмаганда... Оғриқ кучини
сўндириш учун ичилган салкам наркотик
дорилар таъсирида ҳаёллари бошқариб
бўлмас шамолга айланганда...
Кўз олди қоронғулашиб, сўнгги сонияларни
яшаётгандек ҳавога тўймай нафас
олганда...
Ичилган бир талай дориларнинг бўш
қутиларига қараб натижаси
бўлмаётганидан тушкунликка тушганда...
Келажак ҳақида ўйлаганда ўша берилган
муҳлат – бир йилдан уёғи кўзига
кўринмаганда...
Аёл ўрнидан базўр турди. Сажда жойи яна
аччиқ ёшлардан намланган ҳолда қолди.
Жойнамозни йиғиштирмади. Бироз ўтгач
мадор қайтганда яна намозга туриш учун.
Ҳеч бўлмаса икки ракатга. Яна ва яна
саждага бориш учун. Фақат саждадагина
қалби тинчланиб, ўзини бу оғир ўй-
ҳаёллардан озод ҳис қилади...
Аёлнинг Аллоҳдан тинмай шифо
сўрашининг яна икки сабаби бор. Бири
бошқа хонада, иккинчиси эса ёнгинасида
ширин уйқуда... Каттаси салкам тўрт ёшда,
кичиги эса бир ярим ёш. Кўзларининг
қорачиқлари, қалбининг ажратиб бўлмас
бўлаклари – норасидаларни ёлғиз
қолишини ўйласа юраги баттар орқага
тортиб кетади...
Фарзандлари шундоғам ота меҳрисиз
ўсмоқда. Унга инсоф сўрайвериб оиласи
тикланишидан умиди ҳам сўниб бўлган
бечора аёлни. Жажжи тўполончиларига
ҳам ота, ҳам она бўлиб, тиним билмай
ишлаб юрганида бедаво дард синов устига
синов бўлди... Бу дардни эридан сир тутди.
Соғ ҳолида керак бўлмаган, касал ҳолида
керак бўлармиди.. Ўзига куч ва сабр
тилайди холос.
Шундай бўлсада аёлнинг иродаси кучли.
Бошига тушган бу ғамлар юкидан қадди
букилиб қолай деса ҳам бор иродасини
жамлаб курашади...
“Иншоллоҳ, мен бу дардни енгаман!
Фарзандларим камолини кўриш учун ҳам
курашаман!” деган ўйлар билан тонг
оттиради. Эрталабдан эса кучли бош
оғриғи билан ишга отланади, шу ҳолига
тиқилинч автобусда яна ўй-ҳаёлларига
асир бўлиб кетаверади. Саволлар тинмай
уни таъқиб қилади. Дорига пул қаердан
топади?.. Рўзғоргачи?.. Болаларни
кийимини ҳам янгилаш керак. Боғча
пули... яна дори.. Қариб қолган онасининг
нафақасига тўрт кишини боқиш қийин. У
эса ёш, ишлаши керак, тинмай...
Охири қарор қилади. Ўзини даволанишига
кетаётган пуллардан тежаб, болаларига
кўпроқ сарфлай бошлайди.
Аёл – кучли! “Камроқ дори ичсам ҳам
тузалиб кетаман” дея умид қилади. Тежаш
мақсадида ҳатто тушликни ҳам қилмай
қўяди. Қаттиқ бош оғриғи, қувватсизлик
билан болаларга устозлик қилади. Арзимас
пулга ҳам мактаб ўқувчиларига ҳунар
ўргатаётганда “Бу дунёдан ўтиб кетсам
шогирдларим мени эслаб дуо қилишар” деб
ўзини овутади...
Ишдан қайтаётганда, лоҳас бўлиб боши
айланиб кетса бирор ўриндиқ топиб
нафасини ростлашга уринади. Атрофдаги
дарахтларга тикилиб, қушларни
сайрашини тинглаб ҳузурланади. Бироқ бу
лаззатларнинг вақтинчалик экани ёдига
келиб яна юрагини ғам босади.
“Алҳамдулиллаҳ, шу кунингга ҳам
шукр...”. Аёлнинг сабри чексиз!...
Ёнидаги саноқли пулига ўзига бироз
егулик олиб қувватланиш ўрнига боласига
қўшимча озуқа олиш учун ўзини дўконга
уради... “Боламга бўлсин, ўзим бир
амалларман” дейди яна шўрлик она. Дард
эса бир зумгаям чекинай демайди.
Ичилмаган дорилар ҳиссаси жисмида
дарров сезилади... Яна оғриқ.. Яна
қовоқлар оғишлашади. Аёл эса боғча томон
ошиқади.
Қайтаётганда йўл-йўлакай тўнғичининг
боғчадаги тассуротлари, саргузаштларини
қизиқиш билан эшитиб кетади.
Ёнгинасида завқ билан бидирлаб кетаётган
ўғилчасини улғайганини, қариган чоғида
ўзининг қўлларидан тутиб шундай сайр
қилдиришини ҳаёл қилади. Ва... беихтиёр
кўзига ёш келади...
Ўғлининг “Ойи, нега йиғлаяпсиз?” дея
ҳайрон бўлиб берган саволига меҳр билан
кулиб унинг юзидан силаб қўяди...
Уйга кириб келгач эса юмушларга шўнғиб
кетади яна. Овқат, кир ювиш, дазмол...
Бирор ўйинчоқни талашаётган болаларини
ажратиш... Шовқиндан, ҳолсизликдан
қулоғи битиб, кўзлари баттар тина
бошлайди... Бирозга бўлсада ёстиққа
бошини қўйишни, ҳамма ғам-
ташвишларни унутиб болаликдаги каби
тўйиб-тўйиб ухлашни қаттиқ ҳоҳлайди.
Лекин то ўғиллари ухлаб, тинчланмагунча
аёлга ҳам дам йўқ...
Тун бағрида кўзларини ишқаб уйга
олинган буюртмаларни бажариш билан
банд бўлади. Қўшимча даромад ҳар ҳолда.
Кўп пул беришмаса ҳам – ҳар нима. Унга
ҳозир бир сўм ҳам пул..
Мункайиб ўтирганидан бўйнида кучли
оғриқни ҳис қилади. Қаддини тик тутай
деса кўзлардан олов чиққудек оғриқ
беради. Беихтиёр иҳраб юборади ва кафти
билан оғзини беркитиб олади.
Кенжасининг зийрак уйқусини бузиб
юбормаслик учун...
Боши ёстиққа тегиши билан бутун вужуди
бирдан бўшашади. Ниҳоят куни билан
кутилган уйқу вақти келди. Дард ҳам
бироз чекиниб аёлни бироз ҳоли қўйгандек
бўлади. “Шукр, ўзингга шукр...” деб
кўзлари уйқуга кетай деганда кенжаси
йиғлай бошлайди... “Оҳҳ!” деган унсиз
фарёд чиқади аёлдан.. Оёғига ёстиқ қўйиб
тебрата бошлайди ўғилчасини...
“Тур ўрнингдан! Вақт ғанимат..”
эшитилади узоқлардан...
Аёл кўзини зўрға очиб нима бўлганини
англолмай атрофга аланглайди. Соатга
кўзи тушгач эса “Хуфтонни ўқимай
ётибманку!” деб дарров таҳоратга
шайланади...
Намоздан аввал онасининг хонасига
киради. Кенжатойи бувисини куни билан
қаттиқ чарчатган шекилли. Ёши бир
жойга борган онасининг тиним
билмаслиги, қизи учун жонини беришини
яхши билади. Сочига оқ оралаган, қўл-
оёғидан қуввати кетган волидасининг
пешонасидан силаб “Борингизга шукр..
Фарзандларимга ҳам менга бергандек
тарбия беринг..” дея шивирлаб юзидан
ўпиб қўяди...
Тун... Жойнамоз устида ёш аёл қўлларини
дуога очганча Аллоҳга илтижо қилмоқда.
Лаблари титраб... Қалбдан чиққан
дуоларни шивирлаб... Кўз ёшларини
тўхтатолмай... Аёлнинг энг катта истаги –
Роббисининг розилигини олиш. Бунга
улгуриш... Вақт эса оз, жудаям оз...


Раздел: Стихи / Рассказы
ПОХОЖИЕ ПУБЛИКАЦИИ
КОММЕНТАРИИ НА САЙТЕ
ДОБАВИТЬ КОММЕНТАРИЙ
Имя:*
E-Mail:*
b i u color hide l c r
emo
Информация
Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.